Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Диетологлар энг фойдали десертни аниқлашди

Диетологлар энг фойдали десертни аниқлашди

Фото: «Globallookpress»

Музқаймоқ дунёдаги энг оммалашган десертлардан бири. Диетологларнинг айтишича, у ҳатто шоколаддан ҳам фойдалироқ.

Кўпчилик учун музқаймоқ — нафақат жазирамада салқинлик берувчи, балки ҳар қандай об-ҳавода ёмон кайфиятдан қутқарувчи маҳсулот ҳамдир. У бу борада шоколад билан баҳс бойлаша олади.

Музқаймоқни қандай танлаш ва истеъмол қилиш керак?

Музқаймоқ депрессияда ҳиссиётга ижобий таъсир кўрсатади. Чунки кайфиятни кўтаради. Табиий маҳсулотлар: сут, қаймоқ қўшиб тайёрланган асл музқаймоқ таркибида триптофан аминокислотаси мавжуд. У бахт гормони ҳисобланмиш серотонин синтези учун зарур.

Агар торт ёки шоколад билан таққослаганда, музқаймоқни танлаган маъқул. Ёқимли ҳис-туйғулар кам бўлмайди, фойдаси эса кўпроқ. Тана вазнини назорат қилувчилар ва бир-бир кўнгли десертни тусаб қолувчилар, яхшиси, музқаймоқни танлаганлари маъқул. Музқаймоқнинг турига қараб калорияси ҳам ҳар хил бўлади. Қанд миқдори бўйича одатда сезиларли тафовут йўқ. Ёғ миқдорига кўра эса фарқ қилиши мумкин. Чунки сутли музқаймоқ таркибида тахминан 10 грамм ёғ, қаймоқли ёки пломбирлисида 15—20 грамм (15—20 фоиз) атрофида бўлиши мумкин. Торт ёки пирожний бўлагида тахминан 25—30 грамм ёғ мавжуд. Бу сутли музқаймоқдан кўра уч баравар кўп дегани. Шунга кўра, калорияси ҳам 3 баравар кўпаяди.

Десерт чиндан ҳам фойдали бўлиши учун унинг таркибига эътибор беринг. Табиий маҳсулотлар қўшилган музқаймоқни танланг. Бундайининг таркибида сут ёки қаймоқ бўлиши, озгина сариёғ, шубҳасиз, шакар қўшилишига рухсат этилади. Бу асосий таркибий қисмлар. Агар музқаймоқ мевали бўлса — мева шарбатлари ҳам қўшилади. Ўсимлик ёғи, қуюқлаштирувчилар, эмульгаторлар каби қўшимчалар бўлмагани маъқул (бундай музқаймоқлар арзон туради). Таркибий қисмлар рўйхати қанча кўп бўлса, табиий маҳсулот деган номдан шунча узоқлашади.

Кунига бир порция, яъни бир стаканчадан ортиқ музқаймоқ ейиш тавсия этилмайди. У шоколадсиз, мураббосиз, қуюлтирилган сутсиз ва бошқа қўшимчаларсиз бўлгани маъқул. Чунки улар маҳсулот калориясини оширади.

Тана вазнини назорат қилувчилар мевали муз ва сорбетларни ҳам танлаши мумкин. Фақат бу энди музқаймоқ бўлмайди. Лекин оддий ширинликлар ўрнини бемалол босиши мумкин. Уларни уйда ўзингиз ҳам тайёрлай оласиз. Меваларни блендерда майдалаб, қолипчалар қуясиз ва музлаткичга жойлайсиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг