Давос-2020: учрашув жойини ўзгартириш мумкин эмас
Бугун, 21 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида Жаҳон иқтисодий форумининг юбилей — 50-учрашуви бошланди.
Давос форуми Бетховеннинг «Қувонч мадҳи» — Европа иттифоқи мадҳияси билан очилди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен бугун янги капитализм акциядорларнинг даромад олишига хизмат қилиши эмас, балки бефарқ бўлмаган инсонларга таяниши, оддий ишчилар турмуши ва жамиятни фаровонлаштириши зарурлиги тўғрисида гапирди.
«Давос — бошқа вазиятларда бир стол атрофига ўтирмайдиган лидерлар учрашадиган жой. Давос — низолар ҳал этиладиган, янги бизнес ғоялар туғиладиган, барча баҳс-мунозаралар ечимини топадиган жой».
Урсула фон дер Ляйен
Форум қатнашчиларидан бири, «Explain the markets» компанияси бошқарувчи директори Гай Шоун амалдаги форум кун тартибига қуйидагича баҳо берди: «Табиатни асровчиларнинг қарашлари Жаҳон иқтисодий форумида муҳокама қилинадиган мавзуларга ҳозирча терс. Гарчи Грета Тунбергга сўз берилса-да, гарчи экологлар ва нефтчилар муросага келиши эҳтимоли юқори бўлса-да, барибир асосий мавзу нефть қазиб олиш соҳасига сармоялар киритишга бағишланади».
Ташкилотчилар 50 дан зиёд давлат арбоблари Давос-2020 га келиши ҳақида маълум қилишган. Хусусан, АҚШ президенти ва Германия канцлери.
ЖИФ ташкилотчиси Клаус Шваб таъкидлашича, бу галги форум бош мавзуси иқтисодий тараққиёт суръатлари тезлашаётган даврда табиатни асровчи технологиялардан фойдаланишга бағишланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter