Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Чормихга тортилган қуш ёхуд бир шафқатсизлик баҳонасида ёзилган кечмиш

Чормихга тортилган қуш ёхуд бир шафқатсизлик баҳонасида ёзилган кечмиш

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир кўнгилсиз видеолавҳа кўпларнинг таъбини хира қилди. Оддий деҳқон ишкомдаги узумларни чўқилаган қушни қанотларидан боғлаб қўйиб, роса қийнамоқда. Тағин дакки ҳам беряпти. Маълум бўлишича, у Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан экан. Нима учун бу лавҳани видеолавҳага муҳрлаган? Ўзича халқни кулдирмоқчими? Агар шундай ўйлаган бўлса, савияси ҳаминқадар паст! Наҳотки орамизда шундай одамлар бор? Бир ожиз қушни қийнаб, тош кўнгли ором топганмикан унинг?

Ўсмирлик пайтларим эсимда. Ака-укалар ғишт қуяётган эдик. Қорилган лойни махсус шаклли қолипларга соламиз ва ҳовли сатҳига оҳиста ағдарамиз. Тез ишлаш бўйича «пойга»ни бошлаб юборганмиз, денг! Бир пайт акам қолипдаги лойни ағдаришдан олдин бирдан тўхтаб қолди ва ерга энгашган кўйи «қоч, ҳой қоч» дея бошлади. Унгача мен ғизиллаб иккинчи марта бориб келдим. Акам эса ҳануз асабийлашганча турарди. «Ҳа, ким билан гаплашяпсиз?» – дедим кулиб. «Э, мана бунга айтяпман, шунча ҳайдасам ҳам кетмаяпти». Қарасам, қолипларни ағдарадиган жойда кичкина чумоли ўрмалаб юрибди. Акам беозор жониворни ўлдирмаслик учун ғишт қуймаётган экан. У қолипларни бир чеккага қўйди, секин «пуф»лаб, чумолини бир чеккага ҳайдади, шундан кейин ишини давом эттирди. Ўшанда акам дунёдаги энг меҳрибон одам бўлиб кўринган кўзимга.

Биздан уч-тўрт ёш катта қўшни йигит бўларди. Оилада тўнғич фарзанд, ўзига яраша тантиқ, ота-онасига айтганини қилдирарди. Йиллар ўтиб, унинг ғайритабиий тарзда ўлганини эшитдим. Ёзнинг иссиқ кунларида у кўпқаватли уйнинг диққинафас хонасида ухлай олмай, томга чиқиб пинакка кетар экан. Бир кечаси движокка қисилиб қолган мушукнинг қаттиқ чийиллашидан уйғонибди-да, тура солиб югурибди ва томдан тушиб кетибди...

Марҳумнинг ҳақига дуо қилдим. Сўнг лоп этиб, бир неча йил аввалги воқеа эсимга тушди. Йигитлик чоғларида бу одам мушук боласини кўчада қанчалик қийнаган, уриб-тепган эди. Бизнинг ялиниб-ёлворишларимизга қулоқ солмаган ўшанда. Ажабки, ўлимига айнан шу жонивор сабаб бўлибди. Ҳайратдан ёқа ушладим.

Ҳусан деган биродаримиз бор. Яқинда қишлоғидаги шафқатсиз жувон ҳақида айтиб берди. Бу аёл уйларидаги чорва молларни сира аямай қийнар экан. Айниқса, сигирни қозиқ билан уриб, бузоқни хумордан чиққунича арқон ёрдамида саваларкан. Бор овозда қарғаганини бутун қўни-қўшни эшитар экан. Сут соғаётиб сигир думини силкитиб қўйса борми, ишини тугатиб бўлгач, таёқ билан бас дегунча калтаклайверар экан.

Бузоқ каттариб новвосга айланибди. Бир куни уни оғилдан чиқараётган аёл одатига кўра қарғаниб орқасига бир урса, жонивор жон алфозда қочибди. Арқонни қўйиб юбормаган аёл ҳовлида йиқилиб тушибди, арқон оёғига илиниб қолибди. Новвос очиқ дарвозадан ташқарига отилибди. Зовурга томон, сўнг дарахтзор тарафга югуриб, аёлни роса судрабди. Аксига олиб ён-атрофда ҳеч ким йўқ экан. Аёлнинг бақиришга ҳам ҳоли қолмаган, шох-шабба юзлари, баданини тилиб-йиртиб юборган...

Қараган одам чўчиб тушармиш: пластик операция ҳам ёрдам бермаган юзидаги жароҳат уни бадбашара хотинга айлантирган, танасидаги илма-тешиклар ҳалигача тузалмаган.

Қайтар дунё, деб бежиз айтмайдилар. Биз, ҳар биримиз қилмишларимиз учун жавоб берамиз. Айниқса, тирик жонга озор берсак, азият етказсак, ўз жонимиз билан «хунини тўлаймиз». Ҳаётда бундай мисоллар жуда кўп.

«Оқ кема»да она буғунинг фожиасини ўйлаб, босинқираб чиққан ёш қаҳрамонни эсланг. Ҳеч бўлмаса болажонлардан ўрнак олайлик: жониворларни яхши кўрайлик, уларга раҳм қилайлик. Худо яратган жонзотларга озор бермайлик. Устоз Тоҳир Маликдан келтирилган ушбу иқтибосни эслаб юринг, азизлар:

«Аллоҳнинг замину осмондаги барча мўъжизалари бехато ишлайди ва азизу мукаррам қилиб яратилган инсонга хизмат қилади. Кўзимизга аҳамиятсиз кўринган чивин ёки газанда ҳисобланмиш махлуқнинг ҳам табиатда ўз ўрни, хизмати мавжуд. Чивин ҳам мўъжиза, фил ҳам бир мўъжиза ва бу мўъжизаларнинг барчаси занжир халқаси каби бир-бирига боғланган, уни узмоқ, тўғрироғи, узмоққа уриниш инсоният бошига фожиалар ёғдиражаги тарихдан маълум...»

Худойим барчамизни фожиалардан асрасин!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг