Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чирчиқдаги «канализация»лар 22 млн доллар эвазига реконструкция қилинади

Чирчиқдаги «канализация»лар 22 млн доллар эвазига реконструкция қилинади

«Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган «Тошкент вилоятининг 7 та шаҳар ва туманларида ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш» лойиҳаси доирасида ҳозирда тендер танловларида ғолиб бўлган компаниялар билан шартномалар имзоланмоқда.

Ана шундай шартномалардан бири корхона, «Alkataş İnşaat Ve Taahhüt» қўшма корхонаси ва «Mesmer-East» МЧЖ ўртасида Чирчиқ шаҳридаги оқова сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш бўйича имзоланган. Мазкур лойиҳанинг қиймати 22,2 млн АҚШ долларига тенг.

«Айни пайтда оқова сув тозалаш иншоотининг ўрнатилган кунлик қуввати 80 минг метр кубни ташкил этиб, реконструкция ишлари амалга оширилгандан сўнг бу кўрсаткич 130 минг метр кубгача ошиши кўзда тутилган», – дейилади корхона хабарида.

Таъкидланишича, «Тошкент вилоятининг 7 та шаҳар ва туманларида ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш» лойиҳаси доирасида 12,8 км янги оқова сув тармоқларини тортиш ҳамда 16 км оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш ҳам режалаштирилган.

Бунинг натижасида шаҳар аҳолисининг марказлашган оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси ҳозирги 61 фоиздан 84 фоизга етказилади.

Маълумот учун, мазкур лойиҳани 2025 йилда тўлиқ якунлаш кўзда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг