Чегарадан яширинча олиб ўтилаётган «Макаров» тўппончаси фош қилинди
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги «Ғишткўприк» чегара божхона пости орқали ноқонуний равишда олиб киришга уринилган қурол тўхтатиб қолинди.
Божхона қўмитаси хабарига кўра, чегара постига кириб келган автотранспорт воситаси божхона ходимлари томонидан белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилганида автомобил юкхонасида божхона назоратидан яширилган 1 дона «Макаров» русумли тўппонча, 2 дона тиғли совуқ қурол, турли хил ҳарбий анжомлар ҳамда 3 дона полиэтилен пакетда қуритилган гиёҳлар борлиги аниқланган.
«Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.
Маълумот учун, «Қурол тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш ҳамда транзит равишда олиб ўтиш тегишли органлар рухсатномаларига кўра амалга оширилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter