«Бюджет тақсимловчисига айланинг» — янги портал ишга тушди
Бугун «Ochiq byudjet» порталининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Портал ҳақида иқтисодчи Отабек Бакиров ўз фикрларини билдирди.
«Тақдимотдан кейин порталда рўйхатдан ўтдим.
Жуда катта ахборот ва функцияларни жамлаган порталда мен учун энг қизиқ йўналиш — ташаббус бюджетларидаги лойиҳалар бўлди.
2021 йил 1 июлдан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган бюджетлар қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилди. 14та туманда эса бюджет умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш белгиланган.
Хурсанд қиладигани, мен рўйхатдан ўтган Тошкент вилоятининг Тошкент туманида фуқаролар 16та лойиҳани таклиф этишган. Ташаббус бюджети учун 600 млн. сўм мўлжалланган. Албатта фуқаролар ташаббус қилмаса, ўтган йили қатор ҳудудларда бўлганидек, бу пулга ҳоким учун «Трейлблезер» ёки мебел сотиб олиш ҳам мумкин эди.
Лекин қаранг, фуқаролар қандай таклифлар бераяпти?
Тошкентнинг шундоқ биқинидаги Тошкент туманида сув таъминоти жуда ёмон. Масуда Рахматова Истиқбол МФЙ Чилангар кўчасини ичимлик суви билан таъминлашни таклиф этаяпти.
Шунақа лойиҳалардан яна 14та таклиф бор. Қани энди бюджет кўтарса, ҳаммасини молиялаштирсанг. Лекин энг муҳимларини танлашга, овоз беришга тўғри келади.
Шундай экан, порталда рўйхатдан ўтинг ва бюджет тақсимловчисига айланинг. Таклифлар киритинг ёки билдирилган таклифларни қўллаб-қувватланг!» — деб ёзади Отабек Бакиров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter