Бузилган иморат. Товон пули тўлаш нега рад этилди?
Урганчлик Собиржон Ражабовнинг саҳни 36 квадрат метрдан иборат дўкони биносини бузиш талаби кўндаланг бўлган маҳалда хонадон соҳибининг кўнглига қил сиғмасди. Яқиндагина турмуш ўртоғи қазо қилган, бундай улкан йўқотиш олдида ўткинчи дунё ташвишлари киши кўзига кўринмай қолар экан... Йўқса, дўкон яп-янги, эгалик ҳуқуқини қўлга киритганига ҳали тўрт йил ҳам бўлмаганди.
Бино бузилишига розилик берган дўкон эгасига кўп ўтмай ўзаро «Келишув шартномаси» тузишни таклиф этишди. Бунга ҳам рози бўлди. Собиржон акадаги оғир руҳий ҳолат шаҳар ҳокими ва ўзи ўртасида тузилажак шартноманинг қонун талабларига нечоғлик мослигини синчиклаб ўрганишга тўсқинлик қилган бўлса, не ажаб...
Дўкон эгасини-ку ҳолати маълум. Бироқ ҳокимлик мутасаддилари-чи? Таклиф этилган шартномада бузилган қурилма учун компенсация, яъни товон пули тўловига оид масала «ўйиндан ташқари ҳолат»да қолдирилганини нима деб изоҳлаш мумкин? Мақсад фуқаронинг бурнини «шартнома асосида» қонатишми, ё?
Мутасаддилар бинонинг эгасига шаҳарнинг бошқа ҳудудидан янги дўкон қуриш учун 66 кавдрат метр саҳнли ер майдони ажратиб берилгани, зарур қурилиш материаллари ажратилгани, бузилган иморатнинг келгусида асқотувчи жиҳозлари эса, эгаси тарафидан олиб кетилганини шартномада қайд этиш билан кифояланишди.
Ҳокимликдагилар аслида ўзгача маррада турмоқлари, гарчи мижоз товон пули сўрамаса ёхуд унга муҳтож бўлмаса-да, виждоний бурч, инсоф-диёнат важидан қонуннинг бу борадаги талаб ва тақозоларини унга ётиғи билан тушунтириши, розилик сўраши, қурилма эса, ўртадаги низолар, баҳс-мунозараларнинг бари барҳам топгач, томонлар ўзаро муросага келганидан сўнг бузилиши зарур эди. Афсуски, бундай бўлмади.
Шаҳар раҳбарлари буни исташмади. Ҳокимнинг 2017 йил 5 майдаги 1140-сонли қарори асосида «буз-ҳа, буз» қабилидаги ишларни, орадаги баҳсли ҳолат бартараф этилмагани ҳолда, «қойиллатиб» адо этишди.
Ҳокимликнинг бу каби хатти-ҳаракатларидан урганчлик яна бир фуқаро — Роҳатой Бекчонова ҳам азият чекди. Унинг ҳолати билан боғлиқ воқеалар ривожи бир мунча ўзгача алфозда кечди.
Шаҳарнинг собиқ Ашхобод кўчасидаги 631-уйда истиқомат қилган ака-сингил Бекчоновлар жорий йил ёзига келганида ўзаро низони авж олдиришди. Урганч шаҳар ҳокимининг мазкур кўчадаги бир муддат муқаддам бузиб ташланган ўша уйга марҳум Ражаб Бекчонов, яъни низолашувчилар отасининг эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақида 2019 йил 12 июнда чиқарган қарори бунга сабаб бўлди.
Низо домида қолиб келаётган хонадонда келишмовчиликлар баттар авж олди. Бунда оила аъзоларини айблаш фикридан йироқмиз. Негаки, ҳокимнинг мазкур қароридан сўнг сув баттар лойқаланди.
«Ундай бўлса, асли, гап нимада?» дерсиз. Низонинг боши ота — Ражаб Бекчоновнинг мазкур уйни қизи Роҳатой Бекчоновага мерос қилиб қолдириш юзасидан нотариус орқали 2004 йил 16 март куни имзолаган васиятномасига бориб тақалади. Унга биноан отанинг вафотидан (2004 йил 7 июнь) кейин уйга эгалик ҳуқуқи қизи Р.Бекчоновага ўтиши зарур.
Ажабланарли тарафи шуки, отанинг ушбу васиятномаси ҳозир ҳам ўз кучида. Бирон-бир ваколатли маҳкама васиятномани бекор қилмаган.
Шундай экан, ҳужжатни уйга эгалик қилаётган қонуний меросхўрнинг розилигисиз ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Янги қарор билан бу ҳолат буткул инкор этилди ва оқибатда хонадондаги низо оловига қалов ташланди.
Собиқ уйнинг янги эгалари фурсатни бой беришмади. Ҳоким қарорини қўлга олишгани ҳамон уйнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ва расмийлаштиришга бел боғладилар ва бу мақсадларига эришиб улгурдилар ҳам.
Лекин қонуннинг ўз йўриғи бор. Қонун талаблари нобоп босилган қадамларни асло маъқулламайди. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси 2-қисми буни яққол тасдиқлайди.
Бундай ҳолатда уй эгаси Р.Бекчонованинг қўлидаги ҳужжатларни синчиклаб ўрганмаган шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг ҳаракатсизлигини оқлаш ва бунинг оқибатида ҳокимнинг 2019 йил 12 июндаги қарорини ҳақиқий, деб ҳисоблашнинг иложи йўқ. У бекор қилиниши керак.
Суд Собиржон Ражабовнинг дўкони бузилиши билан боғлиқ можарога ҳам хотима ясади. Бунда Урганч шаҳрининг марказий қисмини реконструкция қилиш муносабати билан дўкондорнинг бузилиши белгиланган нотурар жой биноси учун товон пулининг тури ва миқдори келишув шартномасида акс этгани, бироқ унда мазкур компенсация пулини тўлашга оид масала кўзда тутилмагани жиддий эътироз уйғотди.
Маълумки, Фуқаролик кодексининг 269-моддасига асосан, фуқаро ўзининг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ё қарорлар устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Собиржон Ражабовнинг мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан берган аризаси тўла қаноатлантирилди.
Шу юзасидан чиқарилган ажримга кўра, дўкондорга компенсация тарзида ҳисобланган 32,5 миллион сўмни тўлаш мажбурияти Урганч шаҳар ҳокимлиги зиммасига юкланди.
Шунинг учун ҳам қонунга риоя этганнинг қўли ҳамиша баланд. Қонун талабларидан чекинганнинг эса муроди ҳосил бўлмайди барибир.
Умиджон Расулбердиев,
Хоразм вилоят маъмурий суди раиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter