Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бухоронинг Франциядаги «эгизаги», Ибн Сино ҳайкали, яшаш ва таълим» – Франциядаги магистрант билан суҳбат

«Бухоронинг Франциядаги «эгизаги», Ибн Сино ҳайкали, яшаш ва таълим» – Франциядаги магистрант билан суҳбат

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз –  Paris Nanterre университети магистранти Наргиза Ўроқова. Қаҳрамонимиз 2015 йилдан бери Францияда оилавий яшаб келишади.

2015 йил Франциянинг Париж шаҳрига кўчиб келдик

Тошкент вилояти Бекобод туманида туғилганман. Оилада 3 фарзандмиз: опам, укам ва мен. Ота-онам болалигимиздан таълим-тарбиямизга катта эътибор беришган. Опам Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини битирган. Ҳозирги кунда ўқитувчи. Укам эса Тошкент шаҳридаги Сингапур Менежментни Ривожлантириш Институтини тугатиб, «Yuksalish school» номи остида бир қанча ўқув марказларига асос солган ва кўплаб инсонларни иш билан таъминлаб келмоқда. Яқинда «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Мен эса 2015 йил Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Француз филологияси факультетини битириб, ўша йили турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғимнинг иш фаолиятлари Францияда бўлганлиги сабабли ўша йили, аниқроғи, 2015 йил Франциянинг Париж шаҳрига кўчиб келдик. Орада 2 фарзандим дунёга келди. 2019 йил менда магистратурада ўқиш истагимни амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Шу йил болаларимизни боғчага жойлаштириб, Paris Nanterre университетининг Sciences de langage йўналиши магистратура босқичига қабул қилиндим.

Мен таҳсил олаётган олийгоҳ 1964 йил ташкил этилган, Франциядаги кўплаб машҳур инсонлар шу университет талабаси бўлишган. Шу жумладан, Франциянинг амалдаги президенти Эммануэл Макрон ҳам. Университетимизда кўплаб факультетлар мавжуд. Барча факультетларга киришдан олдин, албатта, ёзма ва оғзаки имтиҳон бўлади.

Ўзбекистондаги абитуриентлардек тайёрланишмайди

Француз тили дунёдаги энг чиройли тиллардан бири бўлганлиги учун бу тилга болалигимдан қизиққанман. Мактаб пайтлари республика олимпиадаларига ҳам қатнашар эдим. Инсон олдига яхши ният ва эзгу мақсад қўйиб интилса, албатта, эришар экан.

Францияда абитуриентлар ўқишга киришда Ўзбекистондаги абитуриентлардек тайёрланишмайди. Битта имтиҳон ва битта суҳбат бўлади ва ўқишга қабул қилинасиз. Лекин ўқиш давомида яхши ўқиш талаб қилинади. Агар имтиҳондан ўтолмасангиз, иккинчи сессияга қоласиз. Ушбу система орқали таҳсил олиш нафақат талабаларга, балки устозларга ҳам енгиллик бериб, дарс жадвалини соддалаштиришга имконият яратади.

Пул йиғиш, катта уйлар қуриш, ҳашамдор кийинишга қизиқишмайди

Французлар – жуда очиқкўнгил ва илтифотли халқ. Улар ғийбатни ёмон кўради. Яна французлар пул йиғишга, катта уйлар қуришга, кўп кийинишга ҳам қизиқишмайди. Топган пулларини яхши еб-ичиб, асосан саёҳат ва дам олишларга сарфлашади.

Францияда ўртача иш вақти 7 соат, яъни 9:30 дан 18:30 гача. Французлар – сал дангасароқ халқ. Улар эрталаб ишларини бошлашганидан кейин соат 11 ларда бир танаффус қилволишади. Соат 15:30-16:00 лар орасида ҳам яна бир танаффус қилишади. Ушбу танаффус вақтларида дам олиш ёки қўшимча тамадди қилиш одат тусига кирган. Улар салатни кўп истеъмол қилишади. Французлар яна денгиз меваларини ҳам хуш кўришади. Кўп ёғли таомлар тайёрлашмайди.

Париж шаҳрининг ўзида французлардан кўра, туристларни кўпроқ учратишингиз мумкин. Биз турган жой Париждан 9 км узоқликдаги Рюэй-Мальмезон деган шаҳар. Бу ерни оилавий яшашга қулай жой бўлганлиги учун танлаганмиз. Бундан ташқари, Европа бўйича фақат Франциянинг айнан шу шаҳрида Ўзбекистон боғи мавжуд. Рюэй-Мальмезон Ўзбекистоннинг Бухороси билан «эгиз шаҳар» деб белгиланган. Қолаверса, 2018 йил шаҳардаги «Parc de l’amitié (Дўстлик боғи)» боғида Ўзбекистон бурчаги очилди ва Ибн Сино ҳайкали ҳам ўрнатилди.

Францияда яна бир ажабланарли нарса бу машина ҳайдаш гувоҳномасини олиш учун худди Ўзбекистондаги абитуриентлар ўқишга тайёрлангандек тайёрланиб олишади. Асосан, назарий имтиҳони қийин бўлади. Баъзилар 2-3 марта имтиҳондан йиқилишади. Умуман, Францияда йўл транспорт қоидаларига жуда қаттиқ амал қилинади. Қоидабузарликларни деярли учратиш қийин. Агар қоидаларга яхши амал қилиб ҳайдасангиз, машинанинг йиллик суғурта нархидан маълум миқдордаги фоиз олиб ташланади. Агар қанча кўп қоида бузсангиз, йиллик суғурта нархига шунча кўпроқ фоиз қўшилади.

Мактабдаги таълим тизимига кўпроқ эътибор қаратиш керак

Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, Ўзбекистонда мактабдаги таълим тизимига кўпроқ эътибор қаратиш зарур. Чунки бола кичиклигидан билим фундаментини яхши қуриб борса, у барпо қилган «уй» мустаҳкам бўлади.

Лекин шу йили таътилда Ўзбекистонга борганимизда охирги 2 йил ичида сезиларли даражада катта ўзгаришлар бўлаётганининг гувоҳи бўлдим.

Ва яна бир соҳани алоҳида таърифлаб ўтиш керакки, бу онлайн бизнес тармоғи. Ушбу соҳани Ўзбекистонда янада ривожлантириш учун кенг кўламдаги ишларни босқичма-босқич амалга оширса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Солиқларни топаётган даромадингизга қараб тўлайсиз

Тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, Францияга келишдан олдин албатта француз тилини ўрганиб келинса, ишга жойлашиш осонроқ бўлади. Чунки ишга киришда, суҳбатдан ўтсагина, ишга қабул қилинади. Чет давлатга чиқишдан олдин яна бири яқинларидан узоқда, уларни соғиниб яшашга тайёр бўлиб келишлари ҳам лозим.

Францияда энг кам иш ҳақи 2021 йилда 1500 евро деб белгиланган. Қанча харажат қилиш ҳамманинг ўзига боғлиқ деб ўйлайман. Ўртача ҳисоблаганда, энг кам иш ҳақи билан ҳам яхши яшаса бўлади. Бу ерда талабаларга кўплаб имтиёзлар берилади. Масалан, давлат томонидан талабалар турар жойининг нархи ва ойлик йўл транспорт чипта нархи ўртача 50% миқдори давлат томонидан тўлаб берилади. Яна, талаба карта билан театр, музей, ресторанларга кириш нархлари ҳам ҳар хил чегирмалар билан бўлади. Бундан ташқари, даромади кам бўлган оилаларга ҳар ой давлат томонидан пул тўлаб турилади ва солиқлар миқдори ҳам камроқ бўлади. Лекин биз бу имтиёзлардан фойдалана олмаймиз. Чунки ойлик даромадимиз миқдори юқорироқ бўлганлиги сабабли давлатга тўлайдиган солиқларимиз ҳам юқорироқ. Умуман, бу ерда барча солиқларни топаётган даромадингизга қараб тўлайсиз.

Paris Nanterre университетига ўзбек тилини олиб кириш

Келажакдаги мақсадларим жуда кўп. Улардан биринчиси ўзим ўқиётган Paris Nanterre университетига ўзбек тилини олиб кириш. Яъни ўзбек тили дарсини таълим дастурига қўшиш. Бу анчагина куч ва сабр талаб қилади. Ҳаракатни бошлаганман. Ўтган йилги диплом иши мавзуйимни ҳам «Ўзбек ва француз тилларидаги морфологик ясалган отларнинг фарқлари» мавзусида қилган эдим. Диплом ишимни таништирган пайтимда ўқитувчиларимда ва талабаларда анчагина ўзбек тили ҳақида маълумотлар ва қизиқишлар пайдо бўлди. Энди бу йилги диплом ишим ўтган йилгидан анча катта бўлади. Умид қиламанки, ўзбек тилига кўплаб хорижлик талабаларни қизиқтира оламан. Бундан ташқари, талабалар учун ҳар хил рекламалар ва Ўзбекистонга туристик саёҳатлар уюштириш ҳақида ўйлаяпман.

Ҳозир бир вақтнинг ўзида докторантура босқичига ҳам тайёргарликни бошладим. Докторантурага кириш бу ерда бироз қийинроқ. Яъни катта танловдан ўтишингиз керак.

Яна катта мақсадларимдан бири бу Франциядаги таълим тизимида ўрганганларимни Ўзбекистонда қўллаш. Таълим тизимини қўллашни бошладик десам ҳам бўлади. Яъни юқорида айтганимдек, укам Шоҳруҳ Изатуллаевнинг «Yuksalish school» ўқув марказларида масофадан маслаҳатчи бўлиб, бу ердаги янгича тизимларни қўллашни бошладик. Бошланғич натижа ёмон эмас.

Мени Ўзбекистон ёшларига маслаҳатим шуки, ҳеч қачон таслим бўлманг! Бир марта йиқилдингизми туринг, ҳаракат қилинг! Ўқинг! Ҳақиқат йўқ, ўқисам иш йўқ деган нарсаларни мияга ўрнаштириб олиш қатъиятсизликни англатади. Бу шунчаки бир дангасаликнинг баҳонаси холос. Билими яхши инсон ҳеч қачон хор бўлмайди деб ишонаман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг