Бухородаги тарихий ёдгорликлар реставрациясига ажратилган пуллар ҳам «еб кетилди»
Бош прокуратура ҳамда Маданий мерос агентлиги ходимлари томонидан Бухоро шаҳридаги бир қатор тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш ва таъмирлаш ишлари якунлари бўйича ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганишда, ушбу ёдгорликларда бажарилган иш ҳужжатларига сохта ёзувлар киритиш йўли билан ажратилган давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан:
- «Хўжа Калон» масжидида 731 млн сўм;
- «Хусайни» мадрасасида 216 млн сўм;
- «Нодир Девонбеги» мадрасасида 90 млн сўм;
- Бухоро шаҳри тарихий маркази ҳудудида жойлашган 74 та объектга манзил кўрсатгич белгилари ўрнатиш учун ажратилган 50 млн сўм бюджет маблағи талон-тарож қилингани аниқланган.
Бундан ташқари, Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари томонидан 2,3 млрд сўм бюджет маблағи товар-моддий бойликлар сотиб олиш учун сарфлангани юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, амалда маблағлар талон-тарож қилинган.
Ҳозирда Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
«Xabar.uz»нинг Бухоро вилояти бўйича мухбири ушбу жиноий иш тафсилотларига доир саволлар билан вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёровга боғланди.
Шаҳриёров вилоят ҳокимлигининг ушбу масалада алоқаси йўқлигини ва бунга бирор фикр ёки баҳо беролмаслигини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter