Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода йирик халқаро фестивал ташкил этилди (фото)

Бухорода йирик халқаро фестивал ташкил этилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Бухорода ХХ анъанавий халқаро «Ипак ва зираворлар» фестивали ўтказилмоқда.

— Бухорога келаётган туристлар оқимини кўпайтириш, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий ҳунармандчиликни тараққий эттириш мақсадлари кўзланган XХ халқаро «Ипак ва зираворлар» фестивали икки кун давом этади, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев фестиваль доирасида ўтказилган матбуот анжуманида. — Ҳар йили анъанавий тарзда Марказий Осиё ва республикамиз барча вилоятларидан айнан ушбу фестивалга келадиган меҳмонлар учун имкониятлар муҳайё қилинган. «Арк» қўрғонидан «Лабиҳовуз» бўйигача масофада тантаналар давом этади. 150 дан зиёд савдо пештахталарида чустлик пичоқчилар, риштонлик кулоллар, марғилонлик атлас ва адрас тўқувчилар, бухоролик зардўз ва кандакорлар, сурхондарёлик ва шофирконлик каштадўзлар, тожикистонлик ва қирғизистонлик дизайнер-чеварлар, хорижлик тадбиркорлар ўз маҳсулотларини сотадилар.  Бир сўз билан айтганда, жорий у йилги фестивал кузатувчилари ва иштирокчилари анъанавий тадбир репертуари бир неча янги дастурлар билан бойиганлигига гувоҳ бўлишлари мумкин.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросими «Арк» қўрғонида бўлиб ўтди. Унда 10 дан ортиқ давлатлардан меҳмонлар, шунингдек, элчихона вакиллари, халқаро ташкилот ҳамда  30 нафарга яқин хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштироки таъминланган.

Халқимизнинг бой маданий мероси, анъаналарини ўзида акс эттирган фольклор жамоаларнинг чиқишлари, халқ амалий санъати усталарининг ҳунармандчилик маҳсулотлари, ипак матолар жозибаси, бетакрор либослар кўрки минглаб томошабинларга кўтаринки кайфият улашмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатнинг турли вилоятларидан 300 дан ортиқ тадбиркор ва ҳунармандлар, шунингдек, хорижлик тадбиркорлар учун 400 га яқин пештахталар ҳозирланган.  Ургутлик, шаҳрисабзлик, қўқонлик тадбиркорлар табиат неъмати бўлган 20 дан зиёд антиқа зираворларни, 50 га яқин шифобахш ўтларни харидорларга таклиф этдилар.

Самарқанддан иштирок этаётган зираворчи Камолиддин Ҳусенов ўзи келтирган зираворларнинг инсон саломатлигига фойдаси ҳақида алоҳида тўхталди:

— Юртимизнинг табаррук тупроғида униб, сахий қуёш нурларида тўйинган зираворларимиз овқатга хушбўй там бериши билан бирга, таркибида инсон организми ва унинг саломатлиги учун керак бўладиган витаминлар ҳам мавжуд, — деди у. — Масалан, зирани қайнатиб ичсангиз ошқозонга ниҳоятда фойдали. Импер эса қайнатиб ичсангиз шамоллаш, нам тортиш, йўталнинг олдини олади. Седана — ички организмлар фаолиятини маромида ушлаш билан бирга, ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди. Республикамизнинг тоғли ҳудудларидан олиб келинадиган кийикўти эса буйраклар фаолиятини яхшилайди, ўлмасўт жигар ва ўтпуфаги учун жуда фойдали.

Фестивал тадбирлари, нафақат, Лабиҳовуз мажмуасида, балки шаҳарнинг барча йирик майдонлари ва савдо расталарида ҳам бўлиб ўтмоқда.

«Тоқи Саррофон» савдо марказида бошқа вилоятлардан келган ҳамкасблари учун Абдулло Нарзуллаевнинг Ғиждувон кулолчилик мактаби анъаналари бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилган.

«Тоқи Телпакфурушон» савдо маркази,  «Лаби Ҳовуз» мажмуасида рассомчилик ва миниатюра бўйича, «Нодир Девонбеги» мадрасаси, «Тоқи Заргарон» савдо марказида кандакор усталар Тохир Қосимов, Дилмурод Файзуллаев, Шавкат Ғуломов, Раҳматилло Фатуллаевнинг сабоқлари (мастер-класс) қўйилган.

«Кўкалдош» ва «Абдулазизхон»мадрасаларида каштачи усталар «Нодир Девонбеги» мадрасаси, «Совға» зардўзлик марказида зардўз усталар Мунаввар Фармонова ҳамда Бахшилло Жумаевнинг, «Тим Абдуллахон» савдо марказида эса атлас тўқиш устаси Бахшанд Файзиеванинг кўргазмалари ташкил этилган.

Миллий тасвирий ва амалий санъат галереяси ҳамда сураткашлар кўргазмаси ҳам фестиваль дастурларидан ўрин олган.  

XХ Халқаро анъанавий «Ипак ва зираворлар» фестивали Press center маркази репортёрлари фестивалга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар билан суҳбатлашишди. 

Курбанбиби Қиличова, Туркманистон:

«Бухоро шарифга иккинчи маротаба келаяпман. Бу ажойиб фестиваль Ўзбекистон тарихида ўзига хос ўрин тутган қадим Бухорода ўтказилаётганидан биз жуда ҳам мамнунмиз. Халқингизнинг анъаналари, санъати, миллий таомлари ва маданиятининг турли қирралари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганимиздан бахтиёрмиз. Бу ернинг одамлари жуда очиқкўнгил ва меҳмондўст экан. Фестиваль халқингиз томонидан қадим-қадимдан то ҳозиргача қадар етиб келган маданий қадриятларни асраб-авайлашга бўлган интилишини яна бир карра намоён этди».

Фидо Муҳаммад Гадо, Афғонистон:

«Тадбиркорман. Жуда кўп йиллардан буён шариф шаҳарда бундай нуфузли фестиваль бўлишини эшитаман. Интернет тармоқлари ёки оммавий ахборот воситалари орқали кузатаман. Ушбу йилда эса атайлаб фестивалда иштирок этиш учун Бухоройи шарифга келдим. Мени ҳайратга солгани, болаларингиз, халқингиз тинч, фаровон. Сувга ташна, нонга зорлик йўқ.  Ўзбекистон – бизнинг кўзимизга жаннатдек кўринишини биласизми? Юртингиз тинчлигига кўз тегмасин».

Раҳимжон Рустамов, Тожикистон:

«Мен Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлганман. Бухорога биринчи марта келаяпман. Эски шаҳрингизнинг эртакмонандлиги ҳайратимни оширди. Чинакам Буюк ипак йўли чорраҳасидаги улкан карвонга айланган. Фестиваль ярмаркаларига оилавий корхонамиз томонидан ишлаб чиқарилган матоларни савдога олиб келдик. Мамлакатингизнинг турли ўлкаларидан келган тадбиркорлари билан танишдик. Ҳамкорликда бардавом ишлаймиз».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг