Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода мактаб ўқувчиларини урган шахс суд ҳукми билан жаримага тортилди

Бухорода мактаб ўқувчиларини урган шахс суд ҳукми билан жаримага тортилди

У ўз фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаб келган ва синфдошлари томонидан дўппосланган боласининг саломатлигидан хавотирга тушган.

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги 34-умумий ўрта таълим мактабида ўқув йили даврида содир бўлган кўнгилсиз ҳолат муҳокамага айланди

Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот  хизмати раҳбари Ирода Орипованинг «Xabar.uz»га билдиришича, ҳолат жорий йилнинг 30 апрель кунида содир бўлган.

Воқеага кўра, Бухоро шаҳридаги 34-умумий ўрта таълим мактабининг 4-синфида таҳсил олаётган вояга етмаган ўғил болалар Б.Р., Ш.Р. ва С.С.лар фуқаронинг ўғли билан ўзаро жанжаллашган. Болалар ўртасидаги жанжал муштлашувга айланган ва улар ўзаро ҳақоратлашишган. Дўппосланган боланинг яқин синфдош ўртоғи унинг отасига хабар берган.  Жаҳл отига минган ота зудлик билан мактабга етиб келган ва мактаб қоровулидан сўраб,  тўғридан-тўғри ўғлининг синфхонасига кириб борган.

Видеодаги тасвирга кўра, айни дарс бошланган вақтда синфга кириб келган ота ҳеч бир қаршиликсиз ўз ўрнида ўтирган ва жанжалга сабаб бўлган болаларни синфдошлари олдига чиқариб, уларни қўрқитиб бақирган ва аямай калтаклаган. Мактаб қоровулининг ҳеч монеликсиз бегона одамни ичкарига киритиб юборагани бир томон бўлса, иккинчи томонда тасвирда вазиятни қўлга олиш ўрнида ҳолатга ҳеч бир қаршиликсиз бефарқ қараб турган ўқитувчини ҳамда синфхона эшиги олдида «томошабин» масъулларни кўриш мумкин.  Ҳарчанд уринишимизга қарамай, Бухоро шаҳридаги 34-умумий ўрта таълим мактаби директори Муродилла Ҳамроев билан телефон орқали боғланишнинг имкони бўлмади.

«Xabar.uz» суриштирувига кўра, «зўравон» асли Жондор туманида туғилган, қарамоғида бир нафар фарзанди билан яшаб, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаётган 34 ёшли Б.Ш. бўлган. Унинг хатти-ҳаракатлари Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан кўриб чиқилган.

«Менга ўғлимнинг телефонидан синфдошлари қўнғироқ қилишиб, бошқа бир нечта синфдошлари  томонидан калтаклангани, унинг беҳуш ётгани, шу сабабдан тезроқ шифохонага олиб бориш кераклигини айтишганидан сўнг ўзимни қўлга ололмай, мактабга бордим. Айбимни тан оламан ва қилмишимдан пушаймонман. Фарзандим ёлғиз ўзимнинг қарамоғимда. Унинг саломатлигидан хавотирга тушганим учун ўзимни йўқотиб қўйдим ва кечирим сўрайман»,-деган у судда.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиалининг 6 майдаги хулосасига кўра, Б.Ш. томонидан шапалоқлаб урилган болаларда бирор бир жароҳат ёки объектив белгилар аниқланмаган. Б.Ш.нинг айбига иқрор бўлгани, кечирим сўрагани, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 29-моддаси 2-қисмида «Маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас» деб қайд қилингани инобатга олинган. Ёлғиз ўзи фарзандини тарбиялаб келаётгани сабабли ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси санкцияси доирасида жарима жазоси тайинланган. Шу модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида  жарима жазоси қўлланилган.

Ирода Орипованинг сўзига кўра, мактаб қоровулига ҳам Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўз «айби»га яраша чора кўрилган.

«Фуқаронинг синфга тўғридан-тўғри кириб келган ҳолда ўқувчиларга босим ўтказиб, бир нечта болаларнинг калтакланишига бепарво қараб турган ўқитувчига нисбатан ҳам чора кўрилиши белгиланмоқда»,- дейди Ирода Орипова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг