Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу ерда бошқа гап бор...» – Путиннинг  собиқ спичрайтери Кремлга уюштирилган ҳужум ҳақида

«Бу ерда бошқа гап бор...» – Путиннинг  собиқ спичрайтери Кремлга уюштирилган ҳужум ҳақида

Кремлга ҳужум ортидан Москвада дрон парвози тақиқланди.

Фото: «Известия»

Россиялик сиёсатшунос, ўз даврида Владимир Путинга спичрайтерлик қилган Аббас Галлямов Кремлга уюштирилган дрон ҳужуми юзасидан фикр билдирди.

Аввал хабар берганимиздек, Кремль матбуот хизмати 3 май куни кечқурун Украина томони Россия президенти қароргоҳига дрон орқали зарба беришга урингани ҳақида баёнот бериб, бу ҳаракатни суиқасд деб атаган эди.

«Путин Кремлда камнамо эканини ҳамма билади. Асосий учрашувларни у Ново-Огарево ёки Сочидаги қароргоҳида ўтказади. Айниқса, тунда Кремлда бўлмаслиги аниқ эди. Демак, бу шунчаки рамзий ҳужум, асло суиқасд эмас», – дейди Аббас Галлямов.

Сиёсатшуносга кўра, Россиянинг юраги саналган Кремлга уюштирилган ҳужум мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими заифлигини кўрсатади.

«Агар душман учувчисиз қурилмалари Кремлга қадар етиб келаётган экан, у ҳолда Россиянинг Европа қисмидаги бошқа исталган объект ҳимоясиздир», – дейди эксперт.

Кеча Украина парламенти депутати Давид Арахамия  Кремлга  дронлар ҳужуми Путин туфайли санкциялар остида қолган россиялик олигархларнинг жамоавий буйруғи билан амалга оширилгани ҳақида ёзган эди.

Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти (ISW) эса Россия раҳбарияти жамиятни урушга кенгроқ сафарбар қилиш мақсадида Кремлга ҳужумни саҳналаштиргани ҳақидаги фаразни илгари сурди.

Таҳлилчи Алексей Арестович ҳам ҳодисани провокация деб баҳолаган. 

«Бу шунчаки провокация. Украинага ҳозирги вазиятда бундай беқарорликнинг кераги йўқ. Чунки биз сиёсий ва ҳарбий кучни қарши ҳужумга сафарбар этишимиз керак. Провокациядан кўзланган мақсад қарши ҳужум арафасида Ғарбни саросимага солиш ва шу орқали (ҳарбий) ёрдамни оз бўлса-да сусайтиришдан иборат», – деб ҳисоблайди А.Арестович.

Сиёсатшунос Аббас Галлямов ҳам дронлар ҳужуми Россия хавфсизлик тузилмаларидаги «қирғий»ларнинг провокацияси бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Улар шу орқали Путинни мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилишга кўндиришга уринмоқда. 

Бир муддат олдин А.Галлямовнинг Путин Украина уруши муваффақиятсиз тугаса, хорижга қочишни режалаштираётгани ҳақидаги фикри кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоров Кремлга ҳужумга Киевнинг алоқадорлигини рад этган. Унга кўра, Украинанинг мақсади Москвани нишонга олиш эмас, балки босиб олинган ҳудудларни озод қилишдир.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг