«Бу биз учун жуда уятли» — Шерзод Кудбиев (видео)
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан муносабат билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда солиқ органи ходимлари сотувчи аёлларнинг буюмларини тортиб олишга уриниб, уларни ерда судрагани, ёш болани йиғлашига сабаб бўлгани акс этган видео тарқалди.
Видеода қайд этилишича, солиқ органи ходимлари 10 A 042 РA рақамли автомобилда келиб, сотувчи аёлларнинг буюмларини тортиб олишга уринган. Aёллар буюмларини беришни хоҳлашмаган, солиқ органи ходимлари улардан мажбуран олиб қўйган.
«Уйимда нон қолмади, бер нарсаларимни», дея бақиради сотувчи аёл. Солиқчи эса бу ер бозор эмаслигини айтади.
Воқеа Олмалиқ шаҳрида содир бўлгани айтилади.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ўз муносабатида бу ҳолат тизим учун жуда уятли эканини таъкидлади.
«Олмалиқ шаҳрида бўлган нохуш ҳодиса жуда уятли биз учун, бизнинг шаънимизга, умуман, солиқ органлари вазифаларига тўғри келмайдиган ҳолат. Мен сизларга ўзим шахсан ваъда бераман. Ҳозир ўзим Самарқанд шаҳрида хизмат сафаридаман, лекин қайтиб боришим билан ўзим Олмалиқда ўша ҳодиса юз берган жойда бўламан. Лекин унгача кутмасдан, биз бу ҳодисада ўзини ноўрин тутган ва ноўрин хизмат вазифасини бажарган барча ходимларга нисбатан тегишли жазо чораларини кўрилади...
Солиқ органлари куч ишлатар тизим эмас. Лекин бундай аянчли ҳолатлар юз беряпти ва биз буни илдизи билан юлиб ташлашимизга тўғри келади. Кўрилган чоралар бўйича сизларга қўшимча ахборот берамиз.
Бундай ҳолатнинг юз бериши биз учун уятли ва мен ҳурматли фуқароларимиздан, умуман бутун халқимиздан кечирим сўрайман. Солиқ идораларининг ҳамма ҳодимлари ҳам бундай эмас, афсуски, унақалари ҳам йўқ деёлмаймиз», – дея мурожаатини якунлаган Шерзод Кудбиев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter