«Бошоғриқ сайёҳлар» — Япония ўз муваффақияти қурбонига айланди
Япония ҳукумати мамлакатга сайёҳларнинг оммавий оқимини чеклаш учун турли чораларга қўл уришга мажбур бўлмоқда, деб ёзди El Pais нашри.
«Кунчиқар юрт ўз муваффақияти қурбонига айланди», — дейилади мақолада.
Япония 2023 йилда туристлар сонини саккиз баравар — 3 миллиондан 25 миллионга ошира олди. 2024 йилнинг декабрига бориб мамлакатга келувчи сайёҳлар сони 33 миллионга етиши ва 2019 йил рекорди (32 млн) янгиланиши кутилмоқда. Ўтган йили туризм Япония иқтисодиётига 5,3 млн иена ёки 31,4 млн евро даромад келтирди.
Бироқ япон компанияларининг ярмидан кўпида ходимлар етишмайди, оқибатда ёпилиб кетаётган корхоналар сони кескин ошди. Энг кўп зарар кўрган соҳалар — хизматлар сектори ва транспорт.
Шу боисдан маҳаллий миқёсда туристлар оқимини чекловчи чоралар кўрилмоқда. Масалан, Токионинг энг диққатга сазовор Сибуе туманида сайёҳларнинг шовқини ва тартиббузарликлари сабабли тунги дам олиш чекланди. Бундан ташқари, хорижлик сайёҳларнинг Окинава префектурасидаги олис оролларга кўп келаётганидан ташвишга тушган маҳаллий ҳукумат вакиллари кириш солиғини жорий қилишди.
Аввалроқ Япония рамзларидан бири — Фудзи тоғига келувчилари учун чеклов қўйилганди. Тоққа чиқиш тўлов қилинади, қолаверса, кунлик сайёҳлар сони чегараланади. Чекловга сайёҳларнинг ўта кўп ташрифи оқибатида чиқиндилар кўпайиб кетгани сабаб бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter