Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош вазирга дрон билан суиқасд уюштирилди — Ироқ

Бош вазирга дрон билан суиқасд уюштирилди — Ироқ

Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимий қароргоҳига ракета келиб тушди. Ҳодиса оқибатида бош вазирга ҳеч қандай зарар етмаган. Бу ҳақда Франс-Пресс агентлиги хавфсизлик тузилмаларидаги манбаларга асосланиб маълум қилмоқда.

INA агентлигининг Ироқ хавфсизлик агентликларига асосланиб хабар беришича, бош вазирга дрон ёрдамида «муваффақиятсиз суиқасд» уюштирилган.

«Хавфсизлик кучлари барча зарур чораларни кўрди», — дейилади Ироқ хавфсизлик идоралари матбуот хизмати баёнотида.

Ҳужум оқибатида бош вазирнинг уч нафар қўриқчиси яраланган. АҚШ элчихонаси ва бошқа дипломатик миссиялар жойлашган Яшил ҳудудда ҳужум пайтида «кучли отишма бўлган».

Al Arabiya телеканалининг Ироқ хавфсизлик хизматларидаги манбасига кўра, бош вазир қароргоҳига ўқ узгани айтилаётган дрон қўлга олинган.

Ироқдаги вазият 10 октябр куни бўлиб ўтган, шиалар вакили Муқтада ас-Садрнинг ғалаба қозонган навбатдан ташқари парламент сайловларидан кейин кескинлашган.

Ҳоди ал-Амирий бошчилигидаги «Ал-Фатҳ» коалицияси бор-йўғи 21 ўринга эга бўлган бўлса, 2018-йилги сайловларда парламентда 45 ўринга эга эди. Коалиция овоз бериш натижаларини қайта кўриб чиқишни талаб қилиб апелляция берган, унинг юзлаб тарафдорлари Ироқ пойтахтининг давлат муассасалари ва хорижий дипломатик миссиялар жойлашган «яшил зонаси» ташқарисида норозилик намойишлари ўтказмоқда. Олий сайлов комиссияси сайловнинг якуний натижаларини ҳали эълон қилгани йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг