Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Болани меҳрибонлик уйига топшириш охирги чора — жаҳонда ва бизда вазият қандай?

Болани меҳрибонлик уйига топшириш охирги чора — жаҳонда ва бизда вазият қандай?

Конституциямизнинг 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар», — деб белгиланган бўлсада, аксарият ҳолларда фуқаролар ўз ота-оналик мажбуриятларини унутиб қўйганликлари кузатилмоқда. Оиланинг моддий  ахволини  яхшилаш, бойлик орттириш ва ўзининг орзу-ҳавасларини амалга ошириш мақсадида чет элларга ишлашга кетаётган оилаларнинг кўпчилиги фарзандларини яқин қариндошлари васийлигига қолдириб кетаётган бўлса, баъзилари давлат интернат типидаги муассасаларга қолдириб кетиш ҳолатлари ҳам тез-тез учрамоқда.

Статистик маълумотларга  кўра, Ўзбекистонда 4 та «Болалар шаҳарчаси», 16 та «Меҳрибонлик» уйлари ҳамда 4 та «Оилавий болалар уйлари» мавжуд. Бугунги кунда «Меҳрибонлик уй»ларини Болалар шаҳарчасига ўзгартириш (модернизация қилиш) ишлари бошлаб юборилган.

Халқаро тажриба шуни  кўрсатадики, АҚШ,  Буюк Британия ХХ асрнинг иккинчи ярмидан, Россия ХХI аср бошларидан бундай муассасаларни тугатишга бўлган  ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашича, ўтган асрнинг ўрталарига қадар, Америка Қўшма штатларида яшовчи етимларнинг аксарияти давлат қарамоғида бўлиб, болалар уйларида яшаган. Аммо кейинчалик бундай таълим муассасалари тизими самарасиз деб топилди. Шу сабабли, бугунги кунда Америка Қўшма Штатларида узоқ муддатли яшаш учун мўлжалланган болалар уйлари мавжуд эмас. Ота-она қарамоғисиз қолган болаларни вақтинча сақлаш учун махсус муассасалар мавжуд бўлиб, уларнинг мақсади ҳар бир бола учун имкон қадар тезроқ янги оилани топишдир.

Ўзбекистонда болалар уйлари асосан халқ таълими тизимининг бир қисми бўлса, АҚШда етим болаларга ғамхўрлик асосан ҳукумат шартномалари асосида ишлайдиган ва доимий равишда ҳуқуқ бўйича давлат аккредитациясидан ўтган нодавлат ташкилотларига юклатилган бўлиб, давлат ушбу йўналишни молиялаштиради ва ўзига хос назорат қилиш тизимини ярата олган. Америка Қўшма Штатларининг бу борадаги асосий фарқли жиҳатларидан бири ҳозирги кунда ушбу мамлакатда «Болалар уйи» ва «Меҳрибонлик уй»ларининг йўқлигидир.АҚШда ноинституционаллаштириш жараёни 1941-1980 йиллар оралиғида бошланган. Ушбу жараён мамлакатда 1935 йилда қабул қилинган «Ижтимоий таъминот тўғрисида»ги  Қонундан сўнг бошланди. Бугунги кунда қарийб 428 минг америкалик бола гўдакликдан 18 ёшгача ҳомийлик остида  фостер оилаларда  яшашади.  «Foster care» болани тарбиялашга ихтисослашган оилалар ҳисобланади. Бундай оилалардаги ота-оналар профессионал тайёргарликдан ўтган бўлиб, уларга бола тарбияси учун нафақалар белгиланади. Буюк Британияда ҳам «Foster care» тизими шаклланган бўлиб, ушбу тизимнинг қуйидаги «emergency foster»,  «long term»,«permanent care»     турлари мавжуд.   «Еmergency foster»да  болалар ихтисослашган оилаларга бир неча соатдан бир неча кунгача жойлаштирилади. Боланинг оила аъзоси кутилмаганда касалхонага тушиши натижасида бола қаровсиз қолса шу турдан фойдаланилади.  «long term»   да  болалар ихтисослашган оилаларга 2 йилгача бўлган муддатга жойлаштирилади. «Рermanent care» – узоқ муддатли жойлаштирув бўлиб, бунда бола васийлар оиласида вояга етгунга қадар  тарбияланиш учун қолдирилади.Венгрияда эса Парламент томонидан 2007-2032 йилларга мўлжалланган Комплекс миллий стратегия  белгиланган бўлиб, ушбу мамлакатда болаларнинг муассасаларга жойлаштириш жараёни тўхтатилган ҳамда барча қийин ҳаётий вазиятга тушган оилалар ва болаларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш  ижтимоий хизматлар зиммасига юклатилган.Руминияда болалар ҳимояси борасида янги жараён бошланган бўлиб, ушбу мамлакатда болаларни меҳрибонлик уйларига   жойлаштириш жараёни тўхтатилган.

Интернат  типидаги болалар уйларида  1990 йилда юз минг нафар бола тарбияланган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 17 718 нафарни ташкил этади. Озарбайжонда  ноинституционаллаштириш (деинституционализация) ва болаларнин ижтимоий ҳимоялаш депортаменти ташки этилганлигини кўриш мумкин. Озарбайжон Республикасининг «Таълим тўғрисида» ги Қонунига асосан «Озарбайжон 2020: келажакка қараш» ривожланиш концепцияси ва Озарбайжон Республикасида таълимни ривожлантиришнинг давлат стратегияси, шунингдек Озарбайжон Республикасида болаларни давлат болалар муассасаларидан оилаларга ўтказиш (ноинституционаллаштири) ва муқобил парвариш бўйича давлат дастури, Озарбайжон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида болаларни ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмоқда.  Хорижий давлатлар тажрибаси таҳлили шуни кўрсатадики, кўп мамлакатларда етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар муаммоси мавжуд ва ушбу муаммолар ечимини топиш мақсадида турли усуллардан фойдаланилмоқда.  Хорижда ва ота-она қаромоғисиз қолган болаларни муассасага жойлаштириш энг охирги чора ҳисобланади. Болани оила қаромоғида тарбия топишига алоҳида эътибор қаратилади.Шу ўринда Ўзбекистонда ушбу жараён қандай кечмоқда, деган савол туғилиши мумкин. Ислоҳотлар давоми сифатида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашни тубдан янгиланган тизимини жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб қувватлашни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон  Республикаси Президентининг 2021 йил  9 августдаги ПҚ – 5215–сон  «Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни  тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирларитўғрисида»ги ҳамда ПҚ – 5216-сон «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорлари қабул қилинди.

Сўнгги ўн йилда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчиларининг 51 фоизига уй-жой ажратилган. Меҳрибонлик уйларидан тарбияланган йигит-қизларнинг 64 фоизи иш билан таъминланган. Васийлик ва ҳомийлик органларида 79 минг бола рўйхатда туради, шундан 35 минг нафари фарзандликка олинган. Лекин,  улар билан шуғулланиш учун туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларида битта ходим бириктирилган.

Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билимли ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш зарурлигини инобатга олиб, бу борада янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Унга кўра, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаларидаги ёшларнинг таълим-тарбиясига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъул этиб белгиланди. Бунинг учун қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилиб, алоҳида бошқарма ташкил этилди.

Юқорида таъкидланган ҳуқуқий ҳужжатларга  асосан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлигига ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасига олий ўқув юрти ҳамда спорт мактабларини бириктириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, шароити оғир бўлган Меҳрибонлик уйлари  Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликлари томонидан оталиққа олиниши белгиланди.

Шунингдек, Миллий гвардия, мактабгача таълим, халқ таълими, маҳалла ва сектор вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, уларга васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болаларнинг аҳволи, оилавий шароитидан ҳар ҳафта хабар олиш юклатилганлиги аҳамиятлидир.

«Темир дафтар»га кирган оилалар фарзандлари,  шунингдек, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган болаларга мактабга чиқиши учун 500 минг сўмдан берилиши, васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинганлар ҳам олий ўқув юртларига киришда Меҳрибонлик уйлари битирувчилари учун ажратилган қўшимча квотадан фойдаланиши белгиланган.

Давлат болага ғамхўрлик қилади, уни зарур бўлган ҳамма нарса билан таъминлайди, аммо у ҳаётининг илк кунидан муҳтож бўлгани она меҳри ва ғамхўрлиги билан ўраб ололмайди. Болани институционал муассасага жойлаштириш кейинчалик бошқа чораларни қўллаш — асраб олиш, васийликка олиш, тарибияланиши учун бошқа оила (патронат)га бериш чораларини амалга ошириш билан энг қисқа вақтга мўлжалланиши керак ва охирги чора сифатида қўлланилиши зарур.

Жаҳон амалиёти кўрсатиб турибдики, давлатга болани муассасада боқиши эмас, балки у ўсаётган оилага ёрдам бериш анча фойдалидир. Бу оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматларини ва болали оилалар учун хизмат турларини кенгайтириш чоралари бўлиши керак.

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш керак. БМТ қўмитаси тавсияларига кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича мажбурий ўқув модулларини ва бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни мактаб ўқув дастурлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш дастурларига киритишни кўриб чиқиш, оммавий ахборот воситаларини фаол жалб қилиш ва аҳолини ахборотлаштириш ишларида қатнашиш, ижтимоий шериклик, ишонч ва конструктив мулоқот асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро муносабатларни ҳамда ҳамкорликни кучайтириш зарур.

Култураев Шоҳжаҳон Зарқораевич,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)
Котибияти ходими,

 Бозорова Раъно Ачиловна,
Республика болалар ижтимоий мослашуви
маркази етакчи мутахассиси.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг