Етим болаларга қандай ҳолатларда 1 ёки 2 хонали уй берилиши маълум қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилинди. Қарорга кўра, етим болаларни уй-жой билан таъминлашнинг янги тизими ҳам жорий этилади.
Унга кўра, қуйидагилар назарда тутилмоқда:
1. Етим болаларга уй-жой ажратишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги тизими жорий этилмоқда:
а) уй-жойга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим бола учун (25 квадрат метрдан кам бўлмаган) 1 хонали, улар ўртасида тузилган оила учун (50 квадрат метрдан кам бўлмаган) 2 хонали уй-жой ажратилади.
Уй-жой етим боланинг хоҳишига кўра унинг қариндошлари яшайдиган ёки бошқа ҳудудда янги қурилган кўп квартирали уйлардан, ногиронлиги бўлган етим болаларга эса биринчи қаватдан “онлайн навбат” (2022 йил 1 сентябрдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”) асосида ажратилади;
б) етим болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан, бироқ бола 30 ёшга тўлгунича уни сотиш, гаровга қўйиш, ижарага бериш, оила аъзоси бўлмаган шахсларни рўйхатга қўйиш ҳуқуқисиз берилади;
в) 2021 йил 1 декабрга қадар 757 нафар етим болаларга уй-жой ажратиш бўйича мақсадли параметр (охирги 10 йилда ажратилган уй-жойлар сонидан 1,2 баравар кўп) тасдиқланмоқда.
2011-2020 йилларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан 610 нафар етим болаларга уй-жой берилган.
Бунда, ушбу уй-жойларнинг 147 таси жорий, 15 таси капитал таъмирга муҳтож, 1 таси яшаш учун мутлақо яроқсиз ҳолатда ва 10 таси белгиланган ижтимоий нормаларга тўғри келмайди.
Ҳозирда етим болалар учун уй-жой бўш турган ётоқхона ва қаровсиз қолган уй-жойлардан ажратиб келинмоқда.
Уй-жойларни харид қилиш учун тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджетлардан жами 120 млрд сўм маблағ ажратилади.
2022 йилдан бошлаб етим болалар учун уй-жой харид қилиш учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter