Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Етим болаларга қандай ҳолатларда 1 ёки 2 хонали уй берилиши маълум қилинди

Етим болаларга қандай ҳолатларда 1 ёки 2 хонали уй берилиши маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилинди. Қарорга кўра, етим болаларни уй-жой билан таъминлашнинг янги тизими ҳам жорий этилади.

Унга кўра, қуйидагилар назарда тутилмоқда:

1.  Етим болаларга уй-жой ажратишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги тизими жорий этилмоқда:

а)  уй-жойга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим бола учун (25  квадрат метрдан кам бўлмаган) 1 хонали, улар ўртасида тузилган оила учун (50 квадрат метрдан кам бўлмаган) 2 хонали уй-жой ажратилади.

Уй-жой етим боланинг хоҳишига кўра унинг қариндошлари яшайдиган ёки бошқа ҳудудда янги қурилган кўп квартирали уйлардан, ногиронлиги бўлган етим болаларга эса биринчи қаватдан “онлайн навбат” (2022 йил 1 сентябрдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”) асосида ажратилади;

б)  етим болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан, бироқ бола 30 ёшга тўлгунича уни сотиш, гаровга қўйиш, ижарага бериш, оила аъзоси бўлмаган шахсларни рўйхатга қўйиш ҳуқуқисиз берилади;

в)  2021 йил 1 декабрга қадар 757  нафар етим болаларга уй-жой ажратиш бўйича мақсадли параметр (охирги 10 йилда ажратилган уй-жойлар сонидан 1,2 баравар кўп) тасдиқланмоқда.

2011-2020 йилларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан 610 нафар етим болаларга уй-жой берилган.

Бунда, ушбу уй-жойларнинг 147 таси жорий, 15 таси капитал таъмирга муҳтож, 1 таси яшаш учун мутлақо яроқсиз ҳолатда ва 10 таси белгиланган ижтимоий нормаларга тўғри келмайди.

Ҳозирда етим болалар учун уй-жой бўш турган ётоқхона ва қаровсиз қолган уй-жойлардан ажратиб келинмоқда.

Уй-жойларни харид қилиш учун тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджетлардан жами 120  млрд сўм маблағ ажратилади.

2022 йилдан бошлаб етим болалар учун уй-жой харид қилиш учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг