Шавкат Мирзиёев Будапештда Виктор Орбан билан музокаралар ўтказди

"Кармелита" саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Венгрия етакчисига Будапешт шаҳрида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
Амалий ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Парламентлар, ҳукуматлар, идора ва ҳудудлар даражасида самарали алоқалар йўлга қўйилган. БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик қилинмоқда.
Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналарнинг кооперацияси кучаймоқда.
Товар айирбошлаш ҳажмини, шу жумладан импорт ўрнини босиш ва "GSP+" мақоми ҳисобига биринчи босқичда 500 миллион еврога етказиш муҳимлиги қайд этилди.
Шу мақсадда лабораториялар Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ аккредитациядан ўтказилади, товарларни олдиндан сертификатлаш дастури ва экспорт қилувчи компанияларга кўмаклашиш бўйича қўшма платформа ишга туширилади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 500 миллион долларни ташкил этади. Бу галги ташриф учун яна 1,5 миллиард евролик янги лойиҳалар тайёрланган.
Венгриянинг “OTP” банки Ўзбекистон молия бозорига чиққани Венгрия ва Европа бизнеси учун кучли рағбат бўлгани таъкидланди. Банк билан молиялаштириш воситаларини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Автокредитлашни ривожлантириш учун қўшма компания ташкил этиш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурини ишга тушириш шулар жумласидан. Сирдарё вилоятида паррандачилик кластерини ташкил этиш ҳам фаол босқичда.
Эрталаб ишбилармон доиралар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, автомобиль йўллари ва логистика марказларини қуриш, коммунал тармоқларни ривожлантириш, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, кимёвий товарлар, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, рақамли технологиялар, балиқчилик каби соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Бундай ишлаб чиқаришларни Ўзбекистонда жойлаштириш учун Венгриянинг "Inpark" оператори бошқарувида Европа компаниялари учун махсус саноат зонаси ташкил этилаётгани таъкидланди.
Умуман, жорий йил июль ойида Будапешт шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида Инвестициявий шериклик дастурини тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини қайта тиклаш ва яқин фурсатда унинг навбатдаги йиғилишини бизнес вакилларининг кенг иштирокида ўтказиш таклиф қилинди.
Ўтган йил октябр ойида Қўқон шаҳрида ўтган биринчи Ҳудудлар форумининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди. Ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида Венгрияда иккинчи форумга пухта тайёргарлик кўриш юзасидан келишувга эришилди.
Ишбилармонлик, туризм ва маданий алмашинувларни фаоллаштириш мақсадида икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Маданий-гуманитар соҳадаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Лакителек шаҳрида буюк шоир Алишер Навоий бюсти очилди. Жорий йилнинг январь ойида Будапештда Ўзбек киноси кунлари ўтказилди.
Келгуси йилни Ўзбекистон ва Венгрия маданияти йили деб эълон қилиш таклифи билдирилди. Венгрия давлат опера театри саҳнасида "Лазги" балетини саҳналаштириш ва Будапештдаги Этнография музейида ўзбек маданияти кўргазмасини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Таълим алмашинуви бўйича "Stipendium Hungaricum" дастури доирасидаги ҳамкорлик давом эттирилади. Шунингдек, икки мамлакатда тан олинадиган дипломлар бериш тизимини жорий этиш ва мамлакатимизда Венгрия олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу маънода, жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Венгрия ректорларининг учинчин форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси, одам савдоси ва хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хатарларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Эришилган келишувлар ижроси устидан назорат ўрнатиш мақсадида мутасадди вазирликларга қўшма "йўл харитаси"ни тайёрлаш топширилди.
Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир Виктор Орбанни жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишни таклиф этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter