Болалар боғчалари Ереванда 20 майда очилади
20 май куни Ереванда коронавирус инфекциясига қарамай болалар боғчалари очилади, дея журналистларга маълум қилди Арманистон пойтахти вице-мэри Тигран Вирабян.
«Болалар боғчалари Ереванда 20 майда очилади. Раҳбарият махсус қоидаларни жорий этди. Биринчи навбатда, болалар боғчаларига ота-онасининг иккаласи ҳам ёки фақат онаси ишлайдиган, шунингдек, кам таъминланган оилалардаги болалар бориши мумкин», — деди Вирабян. Унинг сўзларига кўра, раҳбарият Еревандаги 161 та боғчага қатнаган болаларнинг қарийб 30 мингдан ортиқ ота-онаси билан боғланган. Улардан 11 минг нафари фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига юбориш истагини билдиришган.
Вирабяннинг айтишича, раҳбарият боғча ходимлари учун бир ойга 160 мингта ниқоб ва бир неча минг литр дезинфекцияловчи воситага буюртма берган. «Хавфли гуруҳга кирувчи тахминан 20-22% ходим ишга чиқмайди, лекин ойлик маоши сақлаб қолинади», — деди вице-мэр.
Унинг сўзларига кўра, мактабгача таълим муассасаларига ота-оналарнинг кириши қатъиян ман этилади, ҳар куни эрталаб ходимлар болаларнинг тана ҳароратини ўлчайди, яқин алоқада бўладиган ўйинларни ўйнамаслик режалаштирилмоқда. Мутахассислар ҳар куни мактабгача таълим муассасаси ҳудудини дезинфекция қилишади, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш тартиби кучайтирилади.
Арманистонда коронавирус тарқалишига қарши курашиш учун 16 мартдан 13 июнгача фавқулодда ҳолат эълон қилинган. «РИА Новости»нинг ёзишича, мамлакатда 4823 киши касалликка чалинган, 61 нафари вафот этди, 2019 та бемор тузалди. 18 майдан жамоат транспорти фаолияти тўлиқ тикланди, савдо марказлари очилмоқда, умумий овқатланиш хизматлари ёпиқ биноларда ҳам кўрсатилиши мумкин, спорт заллари, маданий-тарихий жойлар очилиши режалаштирилган. Аввалроқ саноат корхоналари фаолиятига рухсат берилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter