Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бола ўғрилари» воқеаси: фейк хабар ортида кимлар бор?

«Бола ўғрилари» воқеаси: фейк хабар ортида кимлар бор?

Икки кун аввал Тошкент шаҳрида 12 ёшли қизнинг ваҳшийларча ўлдирилиши ҳақидаги хабар жамоатчиликнинг дилини хуфтон қилди. Ота-оналар ёш болаларини мактабга ёлғиз юборишдан хавфсираб қолишди. Ушбу қўрқинчли ҳодиса фонида куни кеча ижтимоий тармоқда ёш болаларнинг ўғирланиши билан боғлиқ яна бир шов-шувли видео пайдо бўлди.

Видеога изоҳ берган аёлнинг сўзларига кўра, Шайхонтоҳур туманида икки мактаб ўқувчиси уйига қайтаётган пайтда машинадан икки йигит тушиб, болаларни ўғирлаб кетишга уринган, болалар уларнинг қўлидан чиқиб кетишга муваффақ бўлишган. Шунингдек, видеода бу йигитларнинг қўлга олингани, улар шериклари кўплиги, боғча ва мактаблар яқинида туриб, болаларни ўғирлашлари ва сотиб юборишлари, болаларнинг ички органлари олинишини тан олишгани айтилади.

Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов воқеани изоҳлаб, видео фейк эканлигини маълум қилди.

«Ўтказилган текширув жараёнида аниқланишича жорий йилнинг 1 февраль куни Шайхонтоҳур туманида 113-сонли мактабнинг 11 синф ўқувчиси Ф.Н. бошқарувидаги автомашинага 132 сонли мактаб ўқувчилари Г.Б, С.Н. лар ердаги муз бўлагини тепган.

Шундан сўнг 11 синф ўқувчилари муз бўлагини тепган болаларни ички ишларга олиб борамиз деб уларни оғзаки қўрқитишган. Болалар бошқа бундай қилмаслигини айтиб уйига кетишган. Ҳозирги вақтда болалар соғ-саломат ота-онаси бағрида», - дейилади ИИВ баёнотида.

Хабар фейк бўлиб чиққани яхши, албатта. Бироқ қўшимча саволлар пайдо бўлади: бу видеони тарқатиб, одамларда ваҳима уйғотишдан видео ортида гапираётган аёлга нима наф? Воқеани гапириб бераётган аёл ўзи ким? У нима учун алдаяпти? Қариндошларимнинг боласи дея аммасининг исмини ҳам тилга олаётган аёл аслида болаларга қариндош эмасми? Унда бу воқеаларни қандай қилиб ва нима учун ўйлаб топди? ИИВ ёлғон хабар тарқатганларни қидиряптими?

Маълумки, қонунчиликда фейк тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2 моддасига кўра, жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50–100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Камера ёзувларини телефонига муҳрлаб олган одамни топиш ички ишлар органлари учун қийинчилик туғдирмаса керак. Бунинг учун айнан шу камера учун жавобгар бўлган ходимни топиб, бир нечта савол беришнинг ўзи кифоя. Мантиқан, телефонига бу видеони ёзиб олган одам топилса, уни биринчи бўлиб тарқатган одам ҳам топилиши керак. Унинг ортидан эса ҳикоячи аёл ҳам.

Ҳар ҳолда ақлан соғлом инсон номаълум видеони топиб олиб, эрмак учун ёлғон ҳикоя тўқиб, уни эринмай ёзиб, гуруҳ ва каналларга тарқатмаса керак. Демакки, кимдир бундай хабар тарқатиб, жамиятда ваҳима ва қўрқув уйғотишдан манфаатдор. Ички ишлар органларидан воқеанинг кейинги тафсилотларини ва жамоатчиликни қўрқитишга уринаётганларнинг шахси аниқланишини кутиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг