Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ: Сурияда тинч аҳоли ҳаётига зомин бўлганлар жазосиз қолмаслиги керак

БМТ: Сурияда тинч аҳоли ҳаётига зомин бўлганлар жазосиз қолмаслиги керак

Бағуз шаҳрида жангариларга қарши рейдларда 60 дан зиёд болалар ва аёллар ҳалок бўлган.

Фото: AFP

БМТ комиссияси АҚШни Сурияга берилган ҳаво зарбалари пайти тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган ҳолатлар бўйича батафсил тергов-текширув ўтказишга чақирди. Халқаро ташкилотнинг ҳарбий жиноятлар бўйича терговчиларига кўра, тафтиш хулосалари жамоатчиликка ошкор этилиши ва бегуноҳ аҳоли жонига зомин бўлганлар қонуний жазоланиши лозим.

Бу ўринда гап АҚШ қуролли кучлари томонидан Сурия ҳудудидаги «Ислом давлати» (ИШИД) террорчи гуруҳи объектларига ҳужум қилиш пайти ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари хусусида кетмоқда. Масалан, The New York Times 2019 йилда АҚШ ҳарбий самолётларининг Бағуз шаҳрида жангариларга қарши рейдларида 60 дан зиёд болалар ва аёллар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. 

БМТнинг Суриядаги вазият бўйича сўнгги ҳисоботига кўра, бир пайтлар обод-маъмур саналган араб мамлакати гуманитар инқироз чоҳида қолмоқда.

Ўн йилдан ошиқ вақтдан буён давом этаётган қуролли тўқнашув ва хунрезликлар аҳолининг тинка-мадорини қуритган. Гарчи фаол ҳарбий ҳаракатлар нисбатан камайган бўлса-да, мамлакат бўйлаб қонунсизлик ва бошбошдоқлик ҳукм сурмоқда.

Ҳисоботга кўра, 12 млн киши оч-наҳор кун кўрмоқда. Қимматчилик ва қашшоқлик ҳукм сураётган бир паллада одам ўғирлаш ва бунинг эвазига пул талаб қилиш жинояти ҳам кўпайган. БМТ экспертларига кўра, ҳуқуқбузарликлар ҳам Башар Асад армияси, ҳам турли номдаги қуролли тўдалар томонидан содир этилмоқда.

Мустақил экспертлар Сурияда вазият оғирлиги, қолаверса, санкциялар асосан ўртаҳол ва қашшоқ қатламга зарба бераётганини инобатга олиб, Ғарб мамлакатларини молиявий-иқтисодий чекловларни юмшатишга ундаган.

Таҳлилчиларга кўра, 2011 йилдан буён давом этаётган уруш давомида аҳоли бор-будидан, ҳатто қора кунлар учун сақлаб қўйган бисотидан ҳам мосуво бўлди. Миллионлаб одамлар тирик қолиш учун гуманитар ёрдамга кўз тикиб турибди.

Боз устига, мамлакат гиёҳвандлик моддалари экспорт қилувчи ўлкага айланиб қолган.

2011 йилдан буён Шом тупроқларида, турли ҳисоб-китобларга кўра, 400-500 минг киши ҳалок бўлди, миллионлаб аҳоли киндик қони тўкилган шаҳару қасабаларни тарк этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг