БМТ Ўзбекистоннинг дегредацияга учраган ерлар бўйича резолюциясини маъқуллади
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан яна бир резолюцияни қабул қилди.
2024 йил 13 август куни БМТнинг Ню-Йоркдаги Бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан «Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими» резолюциясини қабул қилди.
Мазкур резолюция Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини кўкаламзорлаштириш орқали биохилма-хилликни сақлаш ва тиклашга қаратилган «Яшил макон» миллий дастури концепцияси асосида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда Шавкат Мирзиёевнинг Бош Ассамблеянинг 78-сессияси ва БМТ Иқлим бўйича 28-конференциясида иқлим ўзгаришига ва ерларнинг деградациясига қарши самарали курашиш бўйича билдирган асосий таклифлари ўз ифодасини топган.
Резолюцияга 90 дан ортиқ аъзо давлатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, Озарбайжон, Австрия, Бельгия, Баҳрайн, Венгрия, Германия, Италия, Иордания, Индонезия, Қатар, Хитой, Саудия Арабистони, Латвия, Мўғилистон, Марокаш, Ўмон, БАА, Покистон, Португалия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Франция ва дунёнинг турли минтақаларини ифодаловчи бошқа давлатлар ҳаммуаллифлик қилди.
Резолюцияда ўрмонларни барқарор бошқариш ва дарахт ўтқазишнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик афзалликлари ҳар томонлама кўрсатилган. Уларнинг биологик хилма-хилликни ошириш, иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши оқибатларини юмшатиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қўшган ҳиссаси, жумладан камбағалликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ҳиссаси алоҳида таъкидланади.
Резолюциянинг ўзига хос хусусияти унинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги сўнгги илмий йўналишларга мувофиқлигидир. Экологик тоза ва экотизимга асосланган усуллардан фойдаланган ҳолда биологик хилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш мақсадида БМТга аъзо мамлакатларга дарахт экиш соҳасида аниқ тавсиялар берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter