Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бизга IT-парк ва IT-марказлар нима учун керак?

Бизга IT-парк ва IT-марказлар нима учун керак?

Фото: «Xabar.uz»

IT-парк нафақат пойтахтда, балки вилоятларда ҳам ўз фаолиятини кенгайтирмоқда. Ҳозирги вақтда Бухоро ва Жиззахда ахборот технологиялари бўйича ўқитиш ва бизнес юритиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича ишлар олиб бориляпти.

БУХОРО

IT-парк ишчи гуруҳи Бухорода талабалар, бошланғич гуруҳлар ва резидент компаниялар учун семинар ташкил этди. Унинг доирасида таълим дастурлари ҳақида, хусусан, мактабларнинг 5-11-синфлар ўқувчилари учун бир миллион дастурчи дастури, рақамли технологиялар марказларида муқобил таълим олиш имконияти, ўз-ўзини иш билан таъминлаш ва мустақил машғулотлар, IT-паркда амалиёт ўташ ва бошқа масалаларда маълумотлар берилди.

Бухорода «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳасида кўплаб ёшлар иштирок этишмоқда. Бухоролик жами 2221 нафар иштирокчи uzbekcoders.uz платформасида рўйхатдан ўтказилди, шундан 152 нафари битирувчи сертификатини олишди.

Учрашувларда маҳаллий IT лойиҳалар билан ҳам танишилди. Таъкидланишича, бухоролик ёшларнинг ғоялари кўп.

Ҳозирда ҳар бир лойиҳа билан индивидуал равишда иш олиб борилмоқда, бу жараёнда стартапларни қандай йўлга қўйиш ва унга қўйиладиган талаблар тўғрисида тўлиқ маълумот берилади.

Бухоро шаҳридаги IT-парк резидентлари билан олиб борилаётган ишлар ҳам эътибордан четда эмас. Бугунги кунда Бухоро шаҳрида технопаркнинг еттита IT-компанияси фаолият олиб бормоқда.

Ҳозирги вақтда Когон шаҳрида «Ўзбекистон почтаси» биносида рақамли технологиялар маркази очилган. Келгусида яна шундай олтита марказни очиш режалаштирилган. 2020 йил охирига бориб, бутун республика бўйлаб 100га яқин IT-марказларни очиш кўзда тутилган. Ўртача ҳисобда, 2020 йил охирига қадар бундай марказларда 50 мингга яқин ёшларни ўқитиш режалаштирилмоқда.

Қолаверса, Бухоро шаҳрида умумий майдони 5000 квадрат метр бўлган 4 қаватли IT-парк филиали очилади. Ушбу филиалнинг қурилиши жорий йилнинг охирида якунига етказилади.

ЖИЗЗАХ

Ўз навбатида, Жиззахда олиб борилган ишлар ҳам ўз мевасини бера бошлади. Ҳозирда Жиззахда IT-паркнинг тўртта резиденти бор. Улар 30 га яқин стартап лойиҳалари устида ишлашмоқда.

Жиззахда ҳам IT-парк филиали қурилиши аллақачон бошлаб юборилган. Филиал биноси икки қаватдан иборат бўлиб, умумий майдони 1845 квадрат метрни ташкил этади. Айни пайтда бу ерда сўнгги таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида рақамли технологиялар маркази очилган. 2020 йил охирига қадар Шароф Рашидов, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Зафаробод ва Зомин туманларида яна еттита марказ очилиши режалаштирилган.

«Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳасида Жиззахдан 1850дан ортиқ иштирокчи қатнашди ва улардан 127 нафари uzbekcoders.uz платформасида ўқишни муваффақиятли тугатди.

Нима учун бизга IT-парк ва IT-марказлар керак?

Буларнинг барчаси ягона IT-жамиятни яратиш, истеъдодли ёшларни жамлаш, уларга имкониятлар яратиш, инновацияларни жорий этиш учун керак. Ахборот технологиялари билан барча шуғуллана олиши мумкин. У ёш, жой ва миллат танламайди. Республикамизда IT-марказлари очилаётгани бежиз эмас. Бу ҳар бир киши ўқиб ўрганиши, IT дунёсига қўшилиши ва энг муҳими, бу орқали пул ишлаш имкониятига эга бўлиш учун амалга оширилмоқда. Ҳа, бу — реал даромад манбаи.

Бугунги кунда ўрта малакали фрилансер дастурчи сифатида 5 миллион сўм даромад олиши мумкин. IT-марказларда ўқитиладиган ёшларга келгусида мустақил ишлаш имконияти берилади, улар маҳаллий компанияларнинг ҳам, хорижий компанияларнинг ҳам буюртмаларини бажаришлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, улар IT-паркнинг резидент компанияларида амалиёт ўташлари ва ҳатто доимий иш билан таъминланишлари ҳам мумкин.

IT-марказлар харитаси: https://www.itcenter.uz/map/

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг