Битта савол изидан... Зангиотада электр узилиши мумкин эмасми?
Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда Зангиота карантин комплексида электр энергияси 2-3 соат давомида узилиб қолгани, натижада 300 га яқин оғир аҳволдаги бемор вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги журналистлар учун пресс-тур ташкил этди. Унда «Xabar.uz» мухбири қатнашиб, вазиятни ўрганди.
Мухбиримиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, комплекс экспулатациясини амалга оширган шахслар, коммунал соҳа мутасаддилари, электр энергиясига жавобгарлар билан карантин зонасида бўлди.
Барча масъуллар бир овоздан электр энергиясида мутлақо узилиш бўлмагани, бўлиши ҳам мумкин эмаслигини таъкидлашди. Уларнинг сўзларига кўра, электр мутлақо узилиши мумкин эмас. Биринчидан, 3 та линия бор. Агар биринчи линияда авария бўлса, 30-40 сония ичида иккинчи линияга ўтади. Агар иккинчи линияда ҳам узилиш бўлса, захира линияси ишга тушади. Захира линиясининг қуввати бошқа линияларига қараганда кучлироқ. Бундан ташқари, комплексга борувчи энергия Зангиота қамоқхонасидан ҳам ўтган.
«Мана, атрофга қаранг, бирорта очиқ симдан электр келмаган, ҳаммаси ер остидан олиб ўтилган. Шамол-бўрон бўлса ҳам, қор-ёмғир ёғса ҳам, таъсир қилмайди», — дея таъкидлашди масъуллар.
Карантин зонаси шифокорларидан бири мухбиримизга тақдим этган ҳужжатида эса оғир аҳволдаги, нафас олиш апаратига уланган беморлар сони 96 та эканлиги кўрсатилган.
«Ижтимоий тармоқларда 300 та одам ўлди, деган хабарларни ўқидим. Ўйлаб кўринг, ўзи 96 та беморимиз доимий нафас олиш апаратига уланган бўлса, қандай қилиб 300 та одам ўлиши мумкин. Шундай ҳодиса юз берганда бу ерда турмасдик», — деди шифокор.
Электр энергияси узилиши ҳақида бирорта ҳам далил йўқ. Камера ёзувлари 3 кун сақланиши ҳисобига уларни олишнинг иложи бўлмади. «Морг» ҳужжатларида ҳам 300 киши қабул қилингани ҳақида маълумотлар йўқ.
Комплексдаги санитар ходимлари, беморлар, шифокорларнинг барчаси электр узилишини кузатишмаган.
Журналистлар электр энергиясини тест қилиб кўрсатишларини илтимос қилишди. Бироқ бунинг учун махсус хат орқали рухсат олиш лозим экан. Шу боис бу таклиф амалга ошмади. Бироқ кейинги сафар карантин зонасидаги электр энергиясини тест қилиб кўриш жараёнида журналистларни чақиришга ваъда беришди.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги «кўпгина беморларнинг ўлимига» сабаб бўлган электр муаммоси бўйича изоҳ берганди.
Унутманг, аҳоли орасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter