Бир дона чироқни кечаси 8 соат ўчириб қўйсак нима бўлади?
Энергия истеъмоли маданияти пастлигича қолаётган ҳозирги шароитда тежамкорлик муаммоси янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Исрофгарчилик шундоқ ҳам электр энергияси етишмаётган бир шароитда барқарорликка салбий таъсир кўрсатяпти.
Мутахассислар томонидан келтирган рақамларга кўра, Ўзбекистондаги 7,4 миллион абонент бор бўлиб, ҳар бири 100 ваттлик 1 дона чўғланма лампани кечаси атиги 8 соат ўчириб қўйса, бир йилда 2 миллиард 160 миллион 800 минг киловатт электр энергиясини тежам имкони юзага келади. Бу эса мамлакат аҳолиси умумий истеъмол ҳажмининг 13,5 фоизи деганидир.
Шунингдек, 1 дона ёруғлик чиқарувчи энергия тежамкор LED лампасини кечаси ёқиб қўйишдан тийилса, 306 миллион киловатт (умумий истеъмол ҳажмининг 1,9 фоизи) электр энергияси тежаб қолинади.
Бир дона чўғланма лампани замонавий LED лампасига алмаштириш орқали эса ойига 22,4 киловатт-соат, йилига эса 271,5 киловатт-соат электр энергияси тежаб қолинади.
Шунинг ўзиёқ амалдаги 295 сўмлик тариф бўйича ҳисобланганда, ойига 6608 сўм (ёки йилига 79 минг 296 сўм) миқдорида маблағ тежаш имконини беради. Агар бундай тежамкорлик аҳоли орасида оммавий тус олса, бу мунтазам ток ўчишларининг олдини олиш ҳамда электр билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилади.
Аҳоли вакиллари ҳатто маиший даражада бўла туриб, улкан ҳажмлардаги энергия тежамкорликка ёрдам бериши, биргина хонадонда электрдан тўғри фойдаланиш орқали бутун мамлакат миқёсидаги энергия самарадорликка ҳисса қўшиши мумкин.
Электр ҳам неъмат, унинг исроф бўлишига йўл қўймаслик, асраш масъулияти – барчамиз учун виждон иши, бурч бўлиши керак. Бунда аҳоли сарфлаётган ойлик ёки йиллик электр энергия ҳажмини ўзи мустақил назорат ва таҳлил қилиб бориши, хулоса қилиши, табиий равишда тежамкорликни таъминлаши самарали натижа беради.
Масаланинг яна бир жиҳати, энерготежамкорликни доимий маданиятга айлантириш учун молиявий мотивация ҳам бўлиши керак. Агар электр нархи бозор нархидан бир неча баробар арзон бўлса, тежамкорлик ҳақидаги маъруза ва насиҳатлар иш бермаслиги аниқ.
Аҳолини электр билан узлуксиз таъминлашда истеъмол маданиятини ошириш қанчалик муҳим бўлса, энергетик инфратузилмани модернизация қилиш ҳам худди шундай долзарб аҳамиятга эга. Бунинг учун нарх шаклланиши жараёнига бозор механизмларини жорий этиш, шу орқали қўшимча маблағ ва имкониятларга эга бўлиб, тизимни янгилаш лозим.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter