Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Байрам арафасида «UNICON.UZ» янги бинога кўчди (фото, видео)

Мустақиллик байрами арафасида – 27 август куни «UNICON.UZ» – Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази давлат унитар корхонаси янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирга ахборот технологиялари соҳаси корхоналари ва ташкилотларидан раҳбару мутахассислар келди. Шунингдек, маросимда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов қатнашди ва «UNICON.UZ» жамоасини қизғин табриклади.

– Аввало, барчангизни тобора яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрамининг 30 йиллиги билан табриклайман, – деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов. – Яқинда «Ўзбектелеком» АК Нурафшон шаҳри ва пойтахтимизда янги савдо ва хизмат кўрсатиш офисларини очган эди. Мазкур компания томонидан 210 нафар алоқачига пойтахтимизнинг Қушбеги ва Ибн Сино мавзеларида уйлар топширилди. Бошқа соҳа корхоналари ҳам Истиқлол байрамимизга муносиб тўёналар тайёрлашди. Бугун эса «UNICON.UZ» ҳам фаолиятини мана шундай кўркам янги бинода давом эттиряпти. Бу шодиёна билан барчангизни табриклайман. «UNICON.UZ» жамоаси ҳамиша ўз илмий салоҳиятини кўрсатиб келган ва бу борада уларга улкан муваффақиятлар тилайман.

– Албатта, бугун биз учун қувончли кун, – деди «UNICON.UZ» ДУК директори Махсум Маҳмудов. – Корхонамиз дастлаб фаолиятини бир бинонинг ертўласидан бошлаган. Мана энди кўриб турибсиз, шундай улкан бинода меҳнат қилишга имкон туғилди. Бунинг учун Вазирликка ва барча ҳамкор ташкилотларга миннатдорлик билдирамиз. 170 нафардан ортиқ мутахассис ходимларимиз соҳани ривожлантириш бўйича илмий асосланган сиёсатни амалга ошириш, стандартлаштириш, метрология, телекоммуникация тармоқларида ишлатиладиган асбоб-ускуналарни сертификатлаштириш, янги техника ва технологияларни жорий этиш каби йўналишларда фаолият юритиб келмоқда.

Дарҳақиқат, марказда кучли мутахассислар йиғилган. Улар томонидан ахборот-коммуникациялар соҳасида фаолиятнинг турли йўналишлари бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, телекоммуникация техник воситаларини сертификациялаш бўйича хизматларни амалга ошириш, электрон рақамли имзо калитларини ва сертификатларини бериш, электрон компонентларни йиғиш ва ўрнатиш, дастурий маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги атамаларнинг турли луғатларини ишлаб чиқиш ва тақдим этиш хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Марказда 2 та илмий-тадқиқот департаменти, 6 та илмий-тадқиқот бўлими, шунингдек, ишлаб чиқариш департаменти ҳамда 6 та синов лабораторияси фаолият олиб бормоқда.

Тадбир якунида меҳмонлар корхонада яратилган шароитлар билан танишишди. Танишув якуни ҳам қувончли бўлди. Гап шундаки, ушбу марказда узоқ йиллар ишлаган профессор, кўплаб алоқачиларнинг устози Рихси Исаев яқинда Президентимизнинг тегишли фармонига асосан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган эди. Шу муносабат билан устоз олимга совға топширилди, иззат-икром кўрсатилди. Устоз барчани дуо қилди. Шодиёна шодиёнага уланиб кетди...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг