Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бахтиёр Абдуғафур: «Биз олимлар халқнинг кулгусига қолаверамиз»

Бахтиёр Абдуғафур: «Биз олимлар халқнинг кулгусига қолаверамиз»

Фото: «Facebook», скриншот

Ижтимоий тармоқларда тарқалган пост ва унинг остида олимлар устидан ошкора кулиб изоҳ ёзаётганларга жавобан ёзувчи ва олим Бахтиёр Абдуғафур ўз муносабатини билдирди.

«Ўзбекистонда вакцина ярата оладиган олимлар бор. Замонавий биотехнологияда вирус ёки патоген бактерияга қарши вакцина олиш муаммо эмас, лекин шу илмий тадқиқотларни амалга оширадиган замонавий лаборатория борми? — дейди Бахтиёр Абдуғафур. — Илмий ишланма яратилади, лекин уни сертификатлаш учун йиллаб вақт кетади. Олимлар йўқ деяётганлар «scholar.google»га кириб қидиринглар, қанча ўзбек олимлари чет элларга кетиб ишлаяпти. Ўзим ҳам микробиологман, фан докториман, ихтисослигим микробиология ва вирусология. 2012-2018 йилларда Хитой Фанлар академиясида ишлаганман.

Олимларга нега шароит яратилмаяпти, деб Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясига савол беринг, жавобини оласиз. Бизда замонавий илм-фан билан шуғулланишга шароит, маблағ ва жиҳозлар йўқ.

Дарвоқе, ўтган йили Ўзбекистоннинг энг кучли ёш биологи деб тан олинган олим Тохир Бозоровнинг оддий илмий лойиҳаси экспертлар томонидан ўта паст баҳоланиб, молияланишга тавсия этилмади (H-индекси 7, Германияда, Макс Планк институтида докторликни ҳимоя қилган. Ўзбекистондаги энг кучли молекуляр биолог деб тан оламан).

Ўзим (Н-индексим 6) 2018 йилда хориждан қайтдим, бирорта илмий лойиҳам молиялангани йўқ. Сўнгги лойиҳамни қачон топширганимни яхши эслолмайман. Ҳозиргача ҳужжатвозлик, расмиятчилик давом этади.

Шундай экан, жиддий илмий тадқиқотлар ҳақида гап бўлиши мумкинми? Асло йўқ. Илм-фан ривожига масъул идораларнинг иши шу экан, вакцина ёки шунга ўхшаш хай-теклар четдан олиб келинаверади.

Ва, албатта, биз олимлар халқнинг кулгусига қолаверамиз».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг