Барака қаерда бўлади? Кайфиятни кўтаришнинг ажойиб йўли ҳақида
- Қуёнларни қанчадан олдингиз?
- Ўттиз мингдан.
- Буларни қандай боқишни биласизми?
- Ҳа, сотган одам ўргатди.
- Иссиқдан эхтиёт қилинг, қуён иссиқни хуш кўрмайди. Салқинроқ ердан жой қилиб беринг.
- Хўп бўлади.
Норин туманига етиб борганимиз ҳамоно гувоҳи бўлганимиз суҳбат шу бўлди. Бир томонда туман ҳокими, иккинчи томонда эса чамаси 12-13 ёшлардаги болакай. Қуёнга қизиқаркан, сотиб олиб кетаётган жойида туман ҳокимига дуч келибди. У ёғига тегишлича маслаҳат. Таъкид жоиз, ҳаммаси асосли.
Бунақа ҳолатларга кейинроқ, кун давомида кўп дуч келдик. Ҳоким Дилмурод Қодиров «темир дафтар»га тушган хонадонларда бўларкан, қўй олганни ҳам, қорамол олганни ҳам эътибордан четда қолдирмади. Ем-хашак ҳақида сўради, қанча сут бераётгани билан қизиқди. Иссиқхонага нима экилганику, назардан қолгани йўқ. Ҳокимликнинг ўзи кўчатдан тортиб, ўғитгача етказиб бергач, сўроқ-савол ҳам ўз ўрнида бўлиши лозимдир, балки.
— Туманда 163 минг аҳоли яшайди. Экин ерларимиз эса 12 минг гектар. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга мажбурмиз. «Темир дафтар»дагиларга икки сотихдан иссиқхона қилиб беряпмиз. Ҳозирча натижа ёмон эмас, — дейди туман ҳокими Дилмурод Қодиров.
Натижа нима сабабдан ёмон эмаслигини кун бўйи қилган кузатувларимиз кўрсатиб қўйди. Ҳар бир сектор раҳбари, у хоҳ прокурор бўлсин, ИИБ бошлиғи, ёки солиқ раҳбари — қарамоғидаги оилалар иссиқхонага нима экканигача ёдлаб олган кўринади. Ҳосилни қачон олиш, қаерда ва кимга сотишгача айтиб бергач, қаршингизда прокурор ёки ИИБ ходими турганига ишониш ҳам қийин. Айниқса лимон етиштириш масаласига илмий жиҳатдан ёндошилган. Шу вақтгача лимон тугул, иссиқхона нималигини билмаган одамларга бирдан цитрус мева етиштиришни ўргатиш осон эмас. Шу сабабдан туманда алоҳида курс ташкил этилган. Камбағалликдан чиқариладиган оила вакили бу ердаги партада ўтириб, назарий билимни ҳам, амалиётни ҳам ўрганади. Ташқарида тажриба участкаси ҳам бор.
—Муҳтож оилаларга иссиқхона қуриб берган билан иш битмайди. Унга тўғри ишлашни ҳам ўргатиш керак. Синфхонамизда лимончилик илмини эгаллаган кишилар дарс ўтади ва бошқаларга тажрибасини ўргатади, — дейди туман прокурори Бахтиёр Ҳалилов.
Норин туманида фақат битта муаммо кўрдик — саноат корхоналари нисбатан кам. Аммо бу бўйича ҳам иш олиб бориляпти. Яқин вақтлар ичида, аниқроғи сентябр ойида ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Norintex» AJ корхонаси ишга тушиши лозим. Натижада 1200 нафар норинлик иш билан таъминланади. Демак, «Темир дафтар»га тушадиган юк ҳам бироз камаяди.
Ҳозирча эса туманда «Uztex Norin» корхонаси ишлаб турибди. Бу ерда 500 дан ошиқ хотин-қизлар иш билан таъминланган.
— Баъзида кайфиятимни кўтариш учун кечки соат олтиларда «Uztex Norin» корхонаси олдига келиб, кузатиб тураман, — дейди туман ҳокими Дилмурод Қодиров. — Кўча дарвозаси олдида автобуслар қатор туриб, эшикларини очиб қўйган бўлади. Иш вақти тугаши билан корхона эшиклари очилади ва ишчилар ёпирилиб чиқишади. Бизнинг туманда шундай катта корхона борлиги ва шунча хотин-қизлар иш билан таъминланганидан хурсанд бўлиб кетаман.
Эндиги мақсад — «Norintex»ни ишга тушириш. Бу ерда илгари жуда катта фабрика бўларди, касодга учраб, ёпилиб кетган. Энди ишни йўлга қўйиб, тадбиркорга қулай имкониятлар яратиб бериб, янгисини очмоқчимиз. Яна туманимиздаги саноат зонасида ҳам катта-кичик корхоналар қуриляпти, олди иш бошлаб қолган. Шуларнинг барчаси юриб кетса, анча-мунча хонадонга барака киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter