Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Автосалондан олинган шартномани бошқага сотиш мумкинми? Мусулмонлар идораси жавоб берди

Автосалондан олинган шартномани бошқага сотиш мумкинми? Мусулмонлар идораси жавоб берди

4 август куни UzAuto Motors компанияси Cobalt, Lacetti ва Damas автомобиллари учун шартнома бериш бошланганини эълон қилди. Мамлакат бўйлаб автосалонларда тиқилинч, ур-тўполон ва даҳанаки тортишувлар кузатилди. Монопол автоширкат 8 ой ўтиб очилган контрактацияни «лимит тугагани» важидан бир кун ўтмай ёпди.

Сўнгги кунларда эса интернетдаги турли платформаларда UzAuto Motors машиналари учун шартнома сотилиши ҳақидаги эълонлар кўпайиб қолди. Уддабурон ватандошларимиз бир кунлик ур-йиқитда қўлга киритган «ўлжа»сини пуллашга уринмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси автосалонлардан шартнома олиб, бошқа шахсга маълум бир маблағ эвазига сотиш ҳолатини «шаръан жоиз эмас» деб фатво берди.

«Биринчидан, бу ерда бир қарашда шартноманинг ўзи сотилаётганга ўхшаб кўрингани билан, аслида шартнома предмети бўлган машина савдо моли бўлиб, унга қилинадиган тўлов шартнома эгасининг номидан амалга оширилади ва машина ҳам унинг номига чиқади. Яъни сотувчи ҳали қўлига кирмаган машинани устига фойда қўйиб сотади. Бу иш эса, шаръан жоиз эмасдир», – дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази жавобида.

«Кўчар мол-мулкларни савдоси уларни қўлга киритишдан олдин жоиз эмасдир. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлга киритилмаган нарсанинг савдосидан қайтарганлар. Чунки бу савдода сотилган нарса (харидор қўлига етиб боришидан олдин) ҳалок бўлиши, яъни унга талафот етиши мумкинлиги эътиборидан савдо келишуви бузилиши хавфи мавжуд», – дейди фақиҳлар.

Таъкидланишича, машинага тўлов қилаётган шахс шартнома эгасининг номидан тўлов қилгани учун машина ҳам шартнома эгасининг номига чиқади. У нотариал идора орқали харидор номига ўтказиб бермагунича мулк ҳам унинг ихтиёрида бўлади ва харидор алданиб қолиш эҳтимоли мавжуд. Бу эса шариатда ман қилинган ғарар – алдов устига қурилган савдо ҳисобланади.

«Учинчидан, аксарият ҳолатларда бу каби шартнома сотувчилар бир нечта шартномани қўлга киритиб, уларни сотишга ҳаракат қилади. Масалан, 134 млн 294 минг сўмлик автомашина устига шартномани олиб бергани учун 1200 доллар устама қўяди. Табиийки, бу нарса автоулов нархининг ошишига сабаб бўлади. Сунъий равишда нархларни оширишдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар», – дейилади Фатво маркази изоҳида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг