Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мадинада хурмо экиш чақириғига Фатво маркази муносабат билдирди

Мадинада хурмо экиш чақириғига Фатво маркази муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда «Мадина шаҳрида хурмо экиб, савоб олинг» мазмунидаги пул эвазига кўчат экиш ваъда қилинаётган видеолар тарқалди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мазкур хабарларга ўз муносабатини билдирди. 

«Дарҳақиқат, кўчат экиш савоби улуғ амал. Аллоҳ таоло инсонга Ер юзини обод қилишни буюриб: «У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди», деб хитоб қилади (Ҳуд, 61).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон дарахт ё экин экса-ю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, шу сабабли у учун садақа бўлур», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Мўтабар манбаларда: «Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа қилиб, савобини тирик ёки маййитга бағишласа бўлади ва савоби уларга етиб боради...», деб баён қилинган. Ушбу ояти карима, ҳадиси шариф ва шаръий масалалардан маълум бўладики, вафот этганларга атаб боғ қилиш орқали савобини бағишлаш ва кўчат экиш ажру мукофотли амаллардандир. 

Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатимиз чексиз, Ул зотнинг шаҳарларига севгимиз ҳадсиз, тупроқлари кўзимизга тўтиё. Бироқ, ҳозирги кунда айрим ҳамюртларимизнинг бир неча минг километр масофадан туриб, Мадина шаҳрида хурмо экишга буюртма бериши, ижтимоий тармоқларда кенг ёйиши ва бу ҳолатни оммалаштириши динга ҳам, мантиққа ҳам, суннатга ҳам тўғри келмайди.

Масалани диний жиҳатдан кўриб чиқадиган бўлсак, ояту ҳадисларда хайру эҳсонни яқинлардан бошлашга кўп кўрсатма келганига гувоҳ бўламиз. Қуръони каримда: «...Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар...» (Нисо, 36), деб кўрсатма берилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобага: «(Яхшиликни) ўзингдан бошла ва (аввало ўзинга) садақа қил, агар ундан бирор нарса ортиб қолган бўлса, аҳлингга (бер). Агар аҳлингдан бирор нарса ортиб қолган бўлса, қариндошларингга бер. Агар қариндошларингдан бирор нарса ортиб қолса, мана бу ва мана буларга бер", дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Демакки, кўчат экишдек хайрли ишларни аввало ҳовли-жойларимиз, кўча-куйларимиз, маҳаллаю гузарларимизда амалга оширишга жуда ҳам катта эҳтиёж бор. Чунки, айрим вақтларда рўй бераётган чанг-тўзонлар, қум ва чанг бўронлари ва иқлим ўзгариши каби ҳолатлар бевосита дарахтзор ва кўчатзорларнинг етишмаслигидандир.

Янада ҳимматли ҳамюртларимиз бўлса, Орол денгизи атрофида саксовул, қандим, черкес, қорабароқ каби чўл ўсимликлари экиб, ўрмонзорлар барпо қилиш орқали мамлакатимиздаги экологик ҳолатни яхшилаш, зарарли туз ва чанглар кўтарилишининг олдини олишга кўмаклашишлари жуда ҳам зарурдир», дейилади баёнотда. 

Шунингдек, келтирилган ояту ҳадисларга биноан фуқаролар аввало ўзлари яшаб турган уй-жойни обод қилиш, ён-атрофга мевали ва манзарали дарахтлар экиш энг савобли амал экани таъкидланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг