Арманистон КХШТдаги иштирокини музлатиб қўйган
Арманистон КХШТдаги иштирокини музлатиб қўйган. Айни пайтда мамлакатда Россия ҳарбий базасини сақлаб қолиш масаласи кун тартибида эмас.
Бу ҳақда Арманистон бош вазири Николь Пашинян France 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Бизнинг фикримизча, Арманистонга нисбатан Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома, айниқса, 2021-2022 йилларда амалга оширилмади ва бу бизнинг эътиборимиздан четда қолиши мумкин эмас. Биз бу келишувдаги иштирокимизни музлатиб қўйдик. Кўрамиз, кейин нима бўлади», – дейди у.
У шунингдек, қўшни Озарбайжон билан муносабатлари ҳақида ҳам тўхталган.
Пашиняннинг фикрича, икки давлат ўртасидаги инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш ҳақидаги ваъдалар Озарбайжон томонининг хатти-ҳаракатлари билан рад этилмоқда. Мамлакат қуролланиш учун «миллиардлар евро» сарфлаяпти.
Пашинян бир неча ой олдин Россия «Арманистон аҳолисини ҳукуматни ағдаришга очиқдан-очиқ чақирганини» тасдиқлаган. Унинг қўшимча қилишича, Москвадан унга қарши бу «ташвиқот» тўхтовсиз давом этмоқда.
Арманистон бош вазири, айниқса, Арманистонда рус аскарлари томонидан россиялик қочоқ Дмитрий Сетраковнинг ўғирлаб кетилишидан хавотирда эканини айтди.
«Биз ҳудудимиздаги ноқонуний ҳаракатларга тоқат қила олмаймиз», – дейди у ва Ереваннинг талаблари жавобсиз қолса, «оқибатлар» бўлишидан огоҳлантиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон вакиллари КХШТнинг Минскдаги саммитини ўтказиб юборди, 2023 йилнинг бошида эса мамлакат ўз ҳудудидаги ташкилот машғулотларини бекор қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter