«АҚШ, Россия ёки Хитой... Ўзбекистон томон танлаши керак эмас!» – эксперт
Жорий йилнинг 17-21 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШда бўлиб, бир қатор муҳим сиёсий тадбирларда иштирок этди. Хусусан, Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозараларида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталди ҳамда глобал ва минтақавий кун тартибининг энг долзарб масалалари ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қўшма Штатлар Президенти Жозеф Байден икки томонлама учрашувда давлатлараро ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқди.
«Xabar.uz» айни шу мавзуда сиёсатшунос Фарҳод Каримов ва иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул билан суҳбатлашди.
– Суҳбатимиз бошида АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар тарихига қисқача назар ташласак. АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалари яқин тарихидаги муносабатлари қандай бўлган?
Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:
– Биламизки, дунёда саноқли қудратли давлатлар бор. Бу қудратли давлатларнинг миллий манфаатлари уларнинг ташқи сиёсатида намоён бўлади. Яъни, буюк давлатларни дунёнинг исталган нуқтасида ўзининг иқтисодий ва геосиёсий манфаатлари бўлади. Шу нуқтаи назардан, АҚШнинг ҳам Марказий Осиё давлатларида ўзининг геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатлари мавжуд.
1991 йилда Марказий Осиё мамлакатлари ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг, дунёнинг кўплаб қудратли давлатлари сингари АҚШ ҳам бу минтақага қизиқа бошлади. Қўшма Штатлар эндигина социалистик тузумдан чиққан Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқага киришар экан, бу давлатларда демократик тузумни ўрнатиш, эркин иқтисодиётни барпо этиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мустақил сиёсат юритишни давлатларни шакллантириш учун муносабатларга киришган. Лекин Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларининг ҳар бири билан алоҳида бир муносабат шакллантирди. Хусусан, АҚШ 90-йилларда сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан анча мустақил Ўзбекистон ва Қозоғистон билан жуда яхши муносабатларни йўлга қўйди. Аммо айрим объектив ва субъектив сабабларга кўра, Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари бироз совуқлашди. 2005 йилда Андижон вилоятида содир бўлган воқеаларда АҚШнинг айрим нодавлат ташкилотларининг билвосита иштирок этиши, икки ўртадаги ишончга путур етказди. Шундан сўнг Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари анча совуқлашди.
Лекин Қозоғистон АҚШ билан яхши алоқалар олиб борди. Хусусан, Қозоғистонга Американинг бир қанча компаниялари катта-катта сармоя киритди. Қирғизистон ва Тожикистон билан эса АҚШ бироз бошқача муносабат ўрнатди. Чунки бу мамлакатларда ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан Россиянинг таъсири кучли бўлган. Туркманистонга эса АҚШ энергия ресурслари бўйича қизиқиш билдирган. Яъни, Қўшма Штатлар минтақа давлатларининг ҳар бири билан турли даражада алоқалар ўрнатган.
Ҳар бир қудратли давлатнинг ўз геосиёсий макони бор. Шу сабабдан ҳам АҚШ Марказий Осиёда Россиянинг ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий таъсир доираси катта эканлигини тушуниб етган ҳолда эҳтиёткор сиёсат олиб борган. 2016 йилдаги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзгариш АҚШ билан муносабатларида янги бир давр бошланганини билдирди. Ва шундан кейин АҚШнинг Ўзбекистонга қизиқишлари янада ортди.
Шуҳрат Расулов, иқтисодий таҳлилчи:
– АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллигини Туркия ва Покистондан кейин тан олган учинчи давлат. Ўтган 30 йилликда Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё мамлакатларининг муносабатлари турли хил тенденцияларда кечди. Ўша 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан олдин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқалар жуда барқарор ривожланаётган эди. Аслида Андижон воқеаси икки давлат муносабатларини тўлиқ узиб ташламади. Чунки Ўзбекистон Қўшма Штатларнинг Осиёдаги муҳим стратегик ҳамкорларидан бири. Икки давлат ўртасида стратегик шартнома мавжуд. АҚШ бундай шартномани бор йўғи 7-8 та давлат билан имзолаган.
Американинг бошқа Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларига тўхталсак, бу ерда Қозоғистон муҳим ўрин эгаллайди. Чунки, иқтисодий жиҳатдан Қозоғистоннинг имкониятлари юқори. Бироқ минтақа давлатлари ичида АҚШ ва бошқа куч марказлари билан мустақил, кўп қиррали ташқи сиёсатни фақат – Ўзбекистон олиб борди. Масалан, қўшни давлатлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Россия тузган ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий иттифоқлар аъзоси. Ўзбекистон эса бундай иттифоқларга аъзо эмас.
– 19 сентябрь куни АҚШ президенти тарихда илк бор Марказий Осиё давлат раҳбарлари билан C+5 форматида музокаралар ўтказди. Шу вақтга қадар АҚШ маъмурияти Марказий Осиё давлатлари билан ташқи ишлар вазирлари даражасидаги C+5 форматида учрашувлар ўтказиб келган. Лекин Қўшма Штатлар учрашувларни президентлар даражасига кўтарди. Нега бугун АҚШ ҳукумати C+5 форматини президентлар даражасига олиб чиқди?
Шуҳрат Расулов, иқтисодий таҳлилчи:
– Менимча, АҚШ C+5 форматини ташқи ишлар вазирлари даражасидан давлат раҳбарлари даражасига олиб чиқди деб айтишга бироз эрта. Ҳозир Америкада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 78-сессияси бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан бутун дунё лидерлари АҚШда йиғилган. Яъни, Қўшма Штатлар президенти Жо Байден қулай вақтдан фойдаланиб, Марказий Осиё давлат раҳбарлари билан учрашган бўлиши мумкин. Мен “бундан буёғига АҚШ президентининг шахсан ўзи C+5 учрашувларида иштирок этади”, деб ўйламайман. Бу учрашув яна ташқи ишлар вазирлари даражасига қайтиши мумкин. Лекин шу формат ҳам минтақа давлатлари учун яхши имкониятлар беради ва бундан фақатгина фойдаланиш керак.
Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:
– Ҳақиқатдан ҳам минтақа мамлакатларининг раҳбарлари алоҳида давлат ташрифи билан АҚШга келгани йўқ. Лекин Қўшма Штатлар президенти ҳар бир Марказий Осиё давлат раҳбарига махсус мактуб йўллади. Нима бўлганда ҳам АҚШ президентининг шахсан ўзи барча Марказий Осиё давлат раҳбарлари билан учрашиш ташаббусини алоҳида қайд этиш керак. Бундан билиш мумкинки, олдингидан бироз бўлса-да муносабатларда олдинга силжиш бор. Яъни, муҳимлик даражаси ортиб бормоқда. Шунингдек, C+5 форматидаги суҳбат давомида кейинчалик давлат раҳбарларининг яқин келажакдаги учрашувини Марказий Осиёда ташкил этиш бўйича сигналлар берилди.
Қўшма Штатлар ҳар 5 йилда ўзининг ташқи сиёсат стратегиясини белгилайди. 2017 йилда қабул қилинган янги стратегияда, АҚШ Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни янги бир босқичга олиб чиқиши белгиланган. Яъни, АҚШ ўзининг ташқи сиёсат концепциясида буни белгилаб кетган ва бунда Ўзбекистонга алоҳида урғу берилган. Буни Жо Байденнинг йўллаган мактубидан ҳам билсак бўлади. Шу нуқтаи назардан ҳам АҚШнинг ўзи давлат раҳбарлари даражасида учрашув ташкил этишга қизиқиш билдирди.
Бошқа томондан, бугун дунёда геосиёсий жараёнлар ўзгариб, геосиёсий маконларни қайта бўлиб олиш масаласи кўтарилмоқда. Бундай вазиятдан Хитой фойдаланиб қолмаслиги учун АҚШ қўлдан келганича ҳаракат қилади. Шу жиҳатдан ҳам АҚШ ва Марказий Осиё давлат муносабатлари янги бир босқичга кўтарилганини кўришимиз мумкин. Агар келажакда ҳам АҚШ президентлар даражасида Марказий Осиё мамлакатлари билан иккинчи марта учрашув ташкил этса, Қўшма Штатлар ўз олдига белгилаган стратегик режаларни амалга оширилаётганини кўришимиз мумкин бўлади.
– АҚШ президенти билан учрашувда қандай масалалар муҳокама қилинган бўлиши мумкин?
Шуҳрат Расулов, иқтисодий таҳлилчи:
– Қайси масалалар муҳокама этилгани матбуотда эълон қилинди. Бундан ташқари, АҚШ президенти Жо Байден хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича дунёда энг фаол лидер ҳисобланади. У президентлик курсига келмасидан олдин ҳам шу сиёсатни олиб борган. Ҳозир мусулмон давлатлари орасида мана шу сиёсатни қўллаб-қувватлаётган давлат – бу Ўзбекистон ҳисобланади. Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, хотин-қизларга эътибор беришни катта сиёсат даражасига олиб чиқди. Менимча, бу сиёсатни давом эттириш керак. Чунки ўзбек хотин-қизларининг имкониятларини очиш, иккинчи фронт очишдек гап. Биз хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари жойига қўйилган, прогрессив, демократик давлатга айланишимиз керак.
Фарҳод Каримов, сиёсатшунос:
– Ўзбекистондаги ислоҳотлар АҚШ ҳукумати томонидан олқишланиб, алоҳида қайд этиб ўтилди. Биламизки, АҚШ сиёсатида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш алоҳида бир йўналиш ҳисобланади. Ҳар қандай минтақага Қўшма Штатлар инвестиция киритаётганда, аввало шу талабларни бажаришни сўрайди. Мана шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг амалга ошираётган сиёсатни олқишланди. Иккинчи кўтарилган масала – бу иқтисодиёт. Учрашувда Марказий Осиё бошқа занжирлардан узилган мустақил иқтисодиётни шакллантиришда АҚШ қандай иштирок этиши мумкин, деган савол кўтарилди. Биз Совет иттифоқидан ажралганимизга 30 йил бўлган бўлса-да, кўп жиҳатдан бир-биримизга боғлиқлик жиҳатларимиз бор. Яъни, АҚШ бу ерда қандай қилиб, мустақил иқтисодий структурани шакллантириш масаласини кўтарди. Учинчи масала эса – бу хавфсизлик. Афғонистон доим АҚШ ташқи сиёсатида алоҳида ўринга эга бўлган. Марказий Осиё Афғонистонга махсус юкларни етказиб бериш учун доим йўлак вазифасини бажариб келган.
Ўзбекистон Президенти БМТнинг 78-сессиясида Афғонистон масаласини кўтарди. Бугун Афғонистонни ўзининг ҳолатига ташлаб қўйиб бўлмайди. Чунки у ерда миллион-миллион тинч аҳоли яшайди. Барибир бу ерда асосий куч – АҚШ. Шу жиҳатдан Афғонистон ва Марказий Осиё масалалари қисман муҳокама қилинди.
Шуҳрат Расулов, иқтисодий таҳлилчи:
– Хитойнинг 2013 йилда эълон қилинган «Бир макон, бир йў» лойиҳаси бор. Бу лойиҳада Марказий Осиё жуда муҳим ўрин тутади. Ушбу йўл Каспий денгизга боради. Марказий Осиёда АҚШ ва Хитой рақобатчи бўлса-да, лекин уларнинг манфаатлари бу ерда муштарак. Қўшма Штатлар ҳам Марказий Осиёни қобиқдан чиқишини истайди. Марказий Осиёнинг изоляциядан чиқиш йўли фақат ва фақат Каспий денгизи орқали бўлади. Шу маънода АҚШ ва Хитой лойиҳалари бир-бирини тўлдиради. Чунки бошқа йўл йўқ!
Суҳбатнинг тўлиқ қисмини «Xabar.uz»нингYoutube-саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Сардор Али суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter