АҚШ Путинни саммитга таклиф қилмади
АҚШ расмийлари Россия президенти Владимир Путинни ноябрь ойида Сан-Франсискода ўтказилиши режалаштирилган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) саммитига таклиф қилмайди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Марат Бердиев маълум қилди.
«Қўшма Штатлар икки томонлама каналлар орқали бизга бу йил бир қатор етакчиларни таклиф қилмоқчи эмаслигини билдиришди, чунки уларга нисбатан санкциялар қўлланилган», деди Бердиев.
Путин Украинадаги ҳарбий операция бошланганидан бери АҚШ санкциялари остида қолмоқда — чекловларга мамлакатга киришни тақиқлаш ҳам киради.
The Washington Post газетаси август ойида АҚШ Путинни саммитга таклиф қилмасликка қарор қилгани ҳақида хабар берган эди. Вашингтон, шунингдек, 2020 йилдан бери Америка санкциялари остида қолаётган Гонконг маъмурияти раҳбари Жон Лининг тадбирда иштирок этишини тақиқлашга қарор қилган.
Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг «ТАСС»га айтишича, Кремль Вашингтондан саммитда иштирок этиш таклифини кутмайди.
ОТИҲ саммити АҚШ раислигида 11-17 ноябрь кунлари Сан-Франтсискода бўлиб ўтади. Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги формати 1989 йилда Австралия ва Янги Зеландия ташаббуси билан яратилган.
Айни пайтда 21 давлат, жумладан, Россия, АҚШ, Хитой, Канада ва Тинч океанига чиқиш имкониятига эга бошқа давлатлар ташкилот аъзоси ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter