Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Иброҳим – Малайзиянинг янги бош вазири

Анвар Иброҳим – Малайзиянинг янги бош вазири

Малайзиялик таниқли сиёсатчи, «Умидлар иттифоқи» блоки етакчиси Анвар Иброҳим 24 ноябрь куни мамлакатнинг ўнинчи бош вазири сифатида қасамёд қилди, деб хабар берди Reuters агентлиги.

19 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловда мутлақ ғолиб аниқланмади, яъни бирор бир сиёсий иттифоқ кўпчилик овозни йиға олмади. Малайзия конституциясига кўра, муайян партия ҳукуматни шакллантириш ваколатига эга бўлиш учун парламентдаги 222 ўриндан камида 112 тасини эгаллаши керак.

Сайловда Анвар Иброҳим коалицияси қонунчилик идорасининг 82 та, 2020-2021 йилларда Малайзия бош вазири бўлган Муҳиддин Ёсин тарафдорлари эса 73 та ўрнини олишга муваффақ бўлди. Овоз бериш якунларига кўра, Малайзия қироли Абдуллоҳ мамлакатдаги олий мартабали арбоблар билан маслаҳатлашувдан кейин Анвар Иброҳимни ҳукумат раҳбари этиб тайинлашга қарор қилган.

75 ёшли Анвар Иброҳимнинг ҳукумат раҳбари этиб тайинланиши мамлакатдаги сиёсий инқирозга барҳам бериши кутилмоқда.

1990-йилларда молия вазири, бош вазир ўринбосари каби масъул лавозимларда фаолият юритган Анвар Иброҳим 1998 йилда истеъфога чиқарилган ва бир йил ўтиб коррупция ҳамда бошқа ахлоқий айбловлар билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Унинг ўзи жиноий ишни сиёсий айблов деб баҳолаган.

Анвар Иброҳим бош вазир сифатида коррупция, айирмачилик ва диний мутаассибликка қарши аёвсиз курашишини маълум қилган. У, шунингдек, кўп миллатли мамлакатда аҳиллик ва тотувликни кучайтиришга ваъда берган.

Таҳлилчилар янги ҳукумат бошлиғи мамлакатдаги ўзаро зиддиятга берилган гуруҳлар ўртасида муроса ва бирлашув ўрнатишига умид қилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг