Анор шарбати таркибида гиёҳвандлик моддаси аниқланди (фото)
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган тадбир натижасида юртимизга синтетик гиёҳвандлик воситаларининг яширин равишда олиб кирилишининг олди олинган.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Айритом» чегара божхона пости орқали кириб келган юк автотранспорт воситасига ҳужжатларга кўра, 9 минг дона пластик идишларга қадоқланган 18 тонна анор шарбати ортилган бўлиб, пойтахтимиздаги маъсулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига юборилган.
Аммо, божхона органлари фаолиятига жорий қилинган «Хавларни бошқариш» тизимида юклар «қизил» йўлакка йўналтирилади.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари ва чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан хамкорликда ушбу юк авто транспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилади.
Кўрик давомида шубҳага сабаб бўлган жиҳат шунда-ки, айрим анор шарбати идишларига «М» ҳарфи белгиси туширилган бўлиб, айнан шу идишлардаги шарбатнинг рангги ҳам бошқаларидан бироз фарқ қиларди.
Қолаверса, айнан шу идишлар очиб кўрилганида, идиш оғзидаги ҳимоя қатламлари ҳам муқаддам очилгани шубҳаларни янада орттирди.
Гиёҳвандлик воситаларини тезкор аниқлашга хизмат қилувчи синама кўмагида ушбу шарбат текшириб кўрилганида, унинг таркибида «Метамфетамин» номли синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Айнан «М» ҳарфи туширилган шарбатлар сони 48 дона бўлиб, идиши билан ҳисоблагандан уларнинг умумий оғирлиги 103 кг.ни ташкил қилди.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, метамфетамин моддаси мамлакатимиз ҳудудида муомаласи таъқиқланган наркотик моддалар рўйхатига киритилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter