Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда тунда ишга чиқарилган ободонлаштириш ходими иши ўрганилди. У ЙТҲда ҳалок бўлганди

Андижонда тунда ишга чиқарилган ободонлаштириш ходими иши ўрганилди. У ЙТҲда ҳалок бўлганди

Бир муддат олдин жорий йилнинг 25 апрель куни Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳудудидан ўтувчи Марҳамат-Қува автомобиль қатнов йўлига кечки соат 22:30 ларда мажбурий меҳнатга жалб қилинган туман ободонлаштириш бошқармасининг икки нафар ходимини машина уриб юборилгани ва ЙТҲ натижасида улардан бирининг вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. 

Бироқ кейинроқ туман ҳокимлиги берган расмий маълумотда ўша куни ҳақиқатда ЙТҲ содир бўлгани ва бир кишининг вафоти ҳақидаги маълумотдан бошқа бирор маълумот берилмади.  

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мазкур воқеа юзасидан махсус текширув комиссияси тайинланганини ва ҳолат ўрганилиб якуний ҳулосалар қабул қилинганини билдирди.

Унга кўра, текшириш жарёнида Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг Меҳнат кодекси талабларига зид равишда, яъни иш вақтидан ташқари ишларда, тунги ишларда, шунингдек, дам олиш кунларида маъмурий тарзда мажбуран ишлатиб келинаётганлиги аниқланган.

Шу боис ушбу мансабдорга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима қўлланилди.

Бундан ташқари, ушбу бахтсиз ҳодиса ишлаб чиқариш билан боғлиқ деб топилди ва бу бўйича Н-1 шаклидаги далолатнома расмийлаштирилди.

Яъни вазирликнинг билдиришича, вафот этган ходимнинг оила аъзоларига етказилган зарар суммаси – марҳуманинг ўртача олти йиллик иш хақи (122 млн 633 минг сўм) миқдоридаги бир йўла тўланадиган нафақа тўлаб берилади.

Бундан ташқари, турмуш ўртоғига ва 2 нафар фарзандларига 490 минг сўмдан ҳар ойда тўланадиган етказилган зарар суммаси ҳам тўлаб борилади.

Содир бўлган автоҳалокат натижасида оғир тан жароҳати олган ишчига унинг даволаниши давомида касаллик варақалари бўйича тўловларни ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиниши ва тўланишини таъминлаш, меҳнатга лаёқатсизлик даражаси белгиланганда, унинг ўртача бир йиллик иш хақи 21 млн 313,8 минг сўм миқдорида бир йўла тўланадиган нафақа суммаси ва ойма-ой тўланадиган етказилган зарар суммаси ҳисобланди.

 Юз берган бахтсиз ҳодиса натижасида ходимларнинг оила аъзолари, фарзандларига боқувчисининг вафоти туфайли бир йўла нафақа ва ойма-ой тўланиши лозим бўлган зарар тўловлари Ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилади ва бунинг ижроси Давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан назоратга олинади.

Махсус текширув якуни бўйича, барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда ҳудудий Ички ишлар органига юборилиши таъминланади. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг