Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда бир қатор ИИБ мансабдорлари ишдан олинди

Андижонда бир қатор ИИБ мансабдорлари ишдан олинди

Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, республика ҳарбий прокурори Шуҳрат Узоқов бошчилигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи ҳафта давомида Андижон вилоятининг туман-шаҳарларида бўлиб, амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганган ва таҳлил қилганлар.

Якунда Андижон вилояти ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳамда туман-шаҳар сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотларнинг бошлиқлари ҳамда бошқа масъуллар иштирокида танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтган.

Тадбирда вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш аҳволи қониқарли эмаслиги қаттиқ танқид остига олинган. Жумладан, жорий йил бошидан шу кунга қадар жисмоний ва юридик шахслар томонидан 50 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 24 фоизи ижобий ҳал этилган бўлса, қолган 72 фоизига эса мутасаддилар томонидан тўғри тушунтириш билан чекланилган холос.

Шунингдек:

  • вилоятдаги бир қатор туман-шаҳарларда режадаги сайёр қабуллар ўтказилмаган;
  • ҳуқуқий тарғибот ишлари етарли даражада ташкил этилмаган;
  • ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этишга қаратилган ишлар суст;
  • коррупция ҳолатига йўл қўйиб берилган, унинг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган ишларнинг ташкил этилиши қониқарли деб топилган.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганиш натижаларига кўра фуқароларнинг муаммоларига етарли эътибор қаратмаган, уларни ҳал этишга суст муносабатда бўлган бир қатор туман-шаҳарларнинг сектор раҳбарлари қатъий огоҳлантирилган.

Йиғилиш давомида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов вилоят бўйлаб 76 та турли жиноят аниқлангани ҳақида маълумотлар берган. Олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар таҳлили юзасидан жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган ишлар суст ташкил этилгани танқидий муҳокама қилинган ва юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўйган бир қатор шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари огоҳлантирилган.

Андижон, Олтинкўл ҳамда Булоқбоши туманлари ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилган. Бир қатор камчиликларга йўл қўйган ИИО ходимларига ҳайфсан жазоси қўлланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг