Amnesty International Ҳиндистонда аксилмусулмон кайфият кучаяётганидан огоҳлантирди
Ҳиндистоннинг Мадҳя Прадеш штати маъмурияти мусулмонлар яшаётган уйларни ноқонуний равишда бузиб ташлади. Бу ҳақда Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти хабар берди. Ҳодиса Бхопал шаҳрида рўй берган.
Гап шундаки, бу йил мусулмонларнинг Рамазон ойи ҳиндуийларнинг Рам Навами байрами билан бир пайтга тўғри келиб қолган. Ҳиндуийлар Бхопалдаги масжид яқинида баланд овозда мусиқа қўйиб байрам қилган. Масжидда ибодат қилаётган мусулмонлар шовқин-сурондан шикоят қилган. Оқибатда икки ўртада зиддият келиб чиққан. Маҳаллий маъмурият эса ушбу ҳудудда яшовчи бир неча мусулмон оиланинг уйини бузиб ташлаган. Amnesty International ташкилотига кўра, маҳаллий ҳокимият шу йўл билан диний озчилик саналган мусулмонларнинг «ақлини киргизиб» қўйишга қарор қилган.
Бхопал шаҳридаги мусулмон жамоаси етакчиларидан бири Саид Муштоқ Али Надвий уйларнинг бузилишини қоралаб, бу каби зўравонликларнинг олдини олишни сўраган.
«Сўнгги кунларда мамлакат аксилмусулмон кайфият ва нафратга асосланган фожиали ҳодисаларга гувоҳ бўлмоқда. Ҳокимият томонидан гумонланувчи деб ҳисобланаётган инсонларга тегишли хусусий мулкнинг огоҳлантиришсиз бузиб ташланиши қонунларнинг поймол этилишидан бошқа нарса эмас», – дейди Amnesty International ташкилотининг Ҳиндистондаги раҳбари Аакар Пател.
Халқаро ташкилот маҳаллий маъмуриятни тергов-текширув ўтказиб айбдорларни жазолаш ҳамда жабрланувчиларга товон пули тўлашга чорлаган.
Жорий йил январь ойида америкалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва Genocide Watch ташкилоти раҳбари Грегори Стэнтон Ҳиндистонда мусулмон аҳолига нисбатан геноцид содир этилишидан огоҳлантирганди. 1994 йилги Руанда қатлиомини аввалдан башорат қилган Г.Стэнтон Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг аксилмусулмон сиёсати Мьянма маъмуриятининг роҳинжа мусулмонларига нисбатан зулм сиёсатини ёдга солишини айтган.
Бир неча йил аввал Н.Модининг Айодҳия шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ кўҳна масжид ўрнида ҳинду ибодатхонаси қуриш қарори ҳам баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter