Америка аҳолисининг учдан бир қисми коронавирусга қарши эмланиш нияти йўқ
Вакцина тайёр бўлганда АҚШнинг ҳар учинчи фуқароси янги коронавирусга қарши эмланмоқчи эмас. Шунга қарамай, 65% аҳоли вакцина қилдиришга тайёр. Бу ҳақда жума куни чоп этилган «Gallup» ташкилоти ўтказган сўровнома далолат бермоқда.
Респондентлардан вакцина бепул тақдим этилса, эмланиш нияти бор-йўқлиги сўралган. Тадқиқот натижаларига кўра, сўровнома иштирокчиларининг аксарияти (65%) эмланишларини билдиришган. Шу билан бирга, 35% респондентлар вакцина қилдирмасликларини айтишган.
Партияларга мансублиги нуқтаи назардан, демократларни қўллаб-қувватловчиларнинг 81%и вакцинация тарафдори эканликларини маълум қилишган, республикачилар орасида эса бу кўрсаткич 47%ни ташкил этган.
Олинган маълумотларга кўра, 65 ёш ва ундан катталар орасида сўровнома қатнашувчиларининг 70%и вакцинациядан ўтишни хоҳлашяпти, 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган респондентлар орасида бу кўрсаткич 76%дан ошмаган. Шу билан бирга, 50 ёшдан 64 ёшгача бўлган сўровнома иштирокчилари орасида атиги 59%и COVID-19га қарши эмланиш нияти борлигини билдиришган, 41%и эса қарши чиқишмоқда.
Сўровнома 20 июлдан 2 августга қадар ўтказилган. «Gallup» сўровнома иштирокчиларининг аниқ сонини маълум қилмаган. Сўровноманинг статистик хатоси 2%ни ташкил этиши айтилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter