«Алоқабанк» тизимида IT инфратузилма бутунлай янгиланди (видео)
Рақамли технологиялар ҳаётимизнинг турли соҳаларига тобора чуқурроқ кириб бормоқда ва банк сектори ҳам бундан мустасно эмас.
Банк тизимини рақамлаштиришнинг асосий мақсадларидан бири мижозлар учун банк хизматларининг қулайлиги ва улардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашдан иборатдир. Мобил қурилмалар ва интернетнинг ривожланиши билан мижозлар исталган вақтда ва исталган жойда молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлишни хоҳлашади. Рақамли инновациялар банкларга мобил иловалар ва онлайн-банкинг орқали кенг кўламли хизматларни таклиф қилиш имконини беради, бу эса молиявий бошқарувни янада мослашувчан ва қулай қилади.
«Қулай ҳаёт» лойиҳасининг навбатдаги сонида бугунга келиб банк сектори қандай ривожланаётгани ва уни қандай келажак кутаётганини муҳокама қиламиз.
Банк тизимида рақамлаштириш жараёнлари, янгиликлар ва мавжуд муаммолар хусусида «Алоқабанк» АТ бошқарув раиси ўринбосари Фаррух Маҳкамовга юзланамиз.
— Соҳани рақамлаштириш жараёни қайси босқичда, айнан қайси йўналишларда кўпроқ технологик янгиликлар кузатилади?
— Банк рақамлаштириш тизимини бир неча йўналишларда баҳолаш мумкин. Дастлаб, банк хизматларининг қанчалик рақамлашганига баҳо бериш муҳим. «Алоқабанк» АТ мисолида оладиган бўлсак, ҳозирда «Zoomrad» мобил иловасида 30 дан ортиқ хизмат ва 300 дан зиёд тўлов турлари мавжуд. Юридик шахслар учун эса «Aloqa biznes» иловаси ишга туширилган.
Яна бир муҳим йўналишлардан бири, экотизим ва ҳамкорлар билан ишлашдир. Биз турли ҳамкор ташкилотлар билан хизматларни интеграция қилиш орқали фаолиятни кенгайтирамиз ва мижозларга янада қулайлик яратиш учун турли-хил старт-ап лойиҳаларини молиялаштирамиз, улар билан ҳам кейинчалик фаолият тури интеграция қилинади.
Рақамлаштириш жараёнларини баҳолашда Айти инфратузилма муҳим ўрин эгаллайди. Айтиш мумкинки, сўнгги уч йилда «Алоқабанк» тизимида Айти инфратузилма бутунлай янгиланди.
— Қайси йўналишларда рақамлаштиришни кучайтирган маъқул деб ҳисоблайсиз?
— Сўнгги беш йил ичида барча банк тизимларида жисмоний шахсларга электрон хизмат кўрсатиш жадал ривожланди. Аммо юридик шахслар учун бундай имкониятлар мавжуд эмас. Айрим тўловлар, депозит ва кредит билан боғлиқ масалаларни ҳали ҳам банкка келиб ҳал қилишга мажбур бўлишади. Ўйлайманки, тадбиркорларга ҳам онлайн хизмат турларини кенгайтириш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир.
Жаҳон тажрибасига асосланадиган бўлсак, ҳозирда жуда кўплаб банк тармоқларида сунъий интеллектни қўллаш орқали инсон омилини камайтиришга ҳаракат қилинмоқда ва бу самарали усулдир. Ҳозирда бизнинг шароитимизда ҳам бу тенденцияни жорий этишга эҳтиёж бор деб ҳисоблайман.
— Статистикага юзланадиган бўлсак, аҳоли қайси банк хизматларидан кўпроқ онлайн фойдаланмоқда, нималардан эса бехабар?
— Zoomrad мисолида оладиган бўлсам, ҳозирда 2,5 миллион фойдаланувчига эга. Энг кўп юзланадиган Топ 5 хизматлардан, картадан картага пул ўтказмалари, онлайн тўловлар, шунингдек ойлайн депозит ва онлайн конверсияни айтиш мумкин. Сўнгги вақтларда микроқарз бўйича ҳам талаб юқори, 24/7 форматда ишламоқда ва февраль ойидан бошлаб, оффлайн форматда қарз бериш бутунлай тўхтатилган.
Кўпчилик аҳоли депозит қўйишдан фойдаланади, аммо алтернатив сифатида инвестиция бўлими ҳам шакллантирилган ва бундан улар бехабар, энди турли корхоналарнинг акцияларини сотиб олиш имконияти мавжуд.
— Банк хизматларидан фойдаланиш учун аҳолидан кўплаб маълумотномалар талаб этилади. Хусусан банк тизимининг my.gov хизматлари билан интеграцияси хусусида гапириб берсангиз.
— Илгари Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фақатгина давлат ташкилотлари фойдаланиш имкониятига эга эди. Ўтган йилдан бошлаб, банк тизимлари ҳам my.gov.uz билан интеграция қилинди ва бу банк тизими фаолиятини анчайин соддалаштирди. Ҳозирда Рақамли технологиялар вазирлиги ва Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан иккита йўналишда ҳамкорлик олиб бориляпти. Zoomrad мобил иловасида 16 та давлат хизматларини жорий қилдик. Шунингдек, иловадаги идентификация жараёнларини амалга оширишда my.gov.uzдаги маълумотлар базасидан фойдаланамиз.
— Банк хизматларининг рақамлаштириш жараёнида, аҳоли фаоллиги қанчалик ортди. Хусусан кредит хизматларидан онлайн фойдаланиш, кредит олишга бўлган талабни қанчалик ортирди?
— Рақамларда айтадиган бўлсам, илгари бир ойда 30-40 минг мижозга хизмат кўрсатар эдик, хизматларни рақамлаштириш ва ташкилотлар билан интеграция натижасида бу кўрсаткични 100 мингдан оширга муваффақ бўлдик.
— Банк тизимини рақамлаштириш бўйича кутилаётган янгилик ва режалар билан бўлишсангиз.
— Кредит йўналиши бўйича, ҳозирда фақат онлайн микроқарз йўлга қўйилган бўлса, тез орада кредитлар тури ортади. Онлайн форматда нафақат банк хизматлари, балки суғурта хизматларини ҳам интеграция қилиш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Шунингдек, тадбиркорлар учун онлайн хизмат турлари кенгайтирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter