Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АКТ вазирлиги 2021 йилда бажарилган ишлар бўйича брифинг ўтказди

АКТ вазирлиги 2021 йилда бажарилган ишлар бўйича брифинг ўтказди

Бугун, 10 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг брифинги бўлиб ўтди.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Ш.Аҳматов таъкидлашича, 2021 йилда Давлат раҳбари томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бажариши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Рақамли иқтисодиёт ривожланиши учун энг муҳим омиллардан бири телекоммуникация инфратузилмасининг барпо этишдир.

Шу мақсадда 2021 йилда Телекоммуникация тармоғини ривожлантириш мақсадида 50 минг километр оптик-толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 118 минг километрга етказилди ва бунинг натижасида аҳоли масканларининг 67 фоизига мазкур тармоқ кириб борди. Оптик тармоқни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар келгуси йилларда ҳам мана шундай жадал суръатларда давом эттирилиши белгиланган.

Аҳолига юқори тезликдаги интернет хизматларини кўрсатиш қурилмаларининг умумий сиғими 3,6 млн.га етказилди.

Бугунги кунда халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик имконияти 1 800 Гбит/сонияни ташкил этиб, 2022 йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 3 200 Гбит/сонияга кенгайтириш режалаштирилган.

2021 йилда маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят ва туман марказлари даражасида 1,5 баробарга ошди.

Оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,9 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с. учун 30,0 минг сўмни ташкил этмоқда.

Бугунги кунга келиб 95 фоиз аҳоли масканлари мобил интернет билан қамраб олинган, 54 фоиз уй хўжаликларига юқори тезликдаги интернетга уланиш имкони яратилган.

Мобил алоқа хизматларини ривожлантириш мақсадида мобил интернет тезлиги 1,5 баробар оширилди ва 2021 йилда 14 150 та қўшимча таянч станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 45 890 тага етказилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 27,2 миллиондан ошган, шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 25,3 миллион нафарни ташкил этмоқда.

Республикада рақамли инфратузилмани жадал ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари ўртасидаги «рақамли тафовут»ни бартараф этиш ҳамда тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, вазифалар белгилаб олинган.

Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида йирик маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказлари қурилади.

Республикада телекоммуникация операторларининг рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича ишларини қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини имкон қадар мақбуллаштириш ва имтиёзлар бериш ишлари амалга оширилади.

Олиб кириладиган телекоммуникация ускуналари ва қурилмаларини, ноутбукларни божхона тўловларидан озод этиш, жалб қилинадиган чет эл кредитлари бўйича Давлат кафолатини бериш чоралари кўрилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу йўналишга берилаётган эътибор бир мақсадга йўналтирилган – аҳолига сифатли ва замонавий телекоммуникация ва рақамли хизматларни кўрсатиш ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилади.

Шунга кўра, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришнинг қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Жумладан:

  • халқаро маълумотлар узатиш каналининг ўтказувчанлик қобилияти 3,5 маротаба оширилади;
  • 150 минг км. оптик толали алоқа линиялари қурилиши ҳисобига маълумотлар узатиш тармоғи кенгайтирилади;
  • халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини мобил алоқа тармоқлари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш;
  • оптик толали алоқа линиялари барча аҳоли пунктларига етказилиб, уй хўжаликларининг камида 80 фоизи интернетга кенг полосали симли уланиш имконияти билан таъминланади.

Телекоммуникация операторлари ва провайдерлари 2022 йил 1 январдан бошлаб интернет жаҳон ахборот тармоғига кенг полосали уланиш тармоқларини лойиҳалаш ва қуришда қуйидагилар назарда тутиладиган бўлди.

  • маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гигабит/секунд ўтказувчанлик қобилияти билан;
  • таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотларини камида 100 Мегабит/с ўтказувчанлик қобилияти билан таъминлаш.

Бугунги кунда дунё тажрибаси аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, улар учун қулайликлар яратиш ҳамда давлат хизматларидан тўсиқсиз, шаффоф ва адолатли фойдаланишда энг тўғри ёндашув Электрон ҳукумат эканлигини кўрсатмоқда.

Президентнинг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармонида 2021 йилда талабгорлиги юқори бўлган давлат хизматларини Ягона порталда жорий қилиш белгиланган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кўп сонли талаб-таклифларини инобатга олган ҳолда, мавжуд давлат хизматларини таҳлил қилиш ҳисобига ҳукумат томонидан 2021 йилда Ягона порталда 60 турдаги давлат хизматларини жорий этиш топшириғи берилди.

Бу рўйхатда юртдошларимизни йиллар давомида ўйлантириб келган хизматларнинг ўрин олиши айни муддао бўлди. Чунки турли идоралар эшиги ёнида сарғайиб ўтириш, ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик, коррупцион ҳолатлар аҳолини жуда қийнаб қўйганди.

Ҳозир эса кўплаб хизматлардан Ягона портал орқали уйдан чиқмаган ҳолда фойдаланиш, ҳатто тегишли тўловларни ҳам амалга оширишнинг имкони борлиги бу катта натижадир.

Айни кунда юртдошларимиз Ягона портал (my.gov.uz) орқали 300дан ортиқ электрон хизматлардан электрон кўринишда фойдаланишлари мумкин. Эътиборлиси, уларнинг 185 таси бепул кўрсатилса, 181 тасида Электрон рақамли имзо талаб этилмайди.

2021 йилда Ягона порталда 100 яқин электрон хизмат ишга тушди. Хизматларнинг масофадан олиниши туфайли 2021 йилда аҳолининг 48 млрд. сўмдан ортиқ маблағи, қолаверса, энг қимматли бўлган вақти тежалди.

2021 йилда Ягона портал фойдаланувчилари сони кескин ортиб, 2020 йилга нисбатан 3 баробарга ўсди ва 1,1 млн.дан ошиб кетди.

2021 йилда my.gov.uz мобил иловаси ишга туширилиб, ундаги электрон хизматлар сони 80 тадан оширилди. Жараёнга аҳолининг барча қатламлари, энг чекка вилоят ва туманлардаги юртдошларимизни ҳам қамраб олиш мақсадида «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг 928 та почта алоқаси объектида «Ягона портал агенти» модули орқали (postal.gov.uz) 33 турдаги давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш йўлга қўйилди.

2021 йилнинг 1 декабридан эса Ўзбекистон Республикасининг 56 та дипломатик ваколатхонаси ва консуллик муассасалари томонидан 7 турдаги давлат хизматлари тақдим этила бошлади.

2019 йил Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки (IT-Парк) ташкил этилган. Технопарк резидентлари барча солиқ, давлат мақсадли жамғармаларга мажбурий тўловлардан ва бир марталик ижтимоий тўловлардан 2028 йил 1 январгача озод этилган.

Технопарк резидентларининг фаолиятини рағбатлантириш ва уларнинг сонини ошириш мақсадида шуғулланиш учун ҳуқуқ берилган фаолият турлари тўрттадан 18 гача кўпайтирилди.

IT-Парклар ташкил этилганидан буён соҳада экспорт ҳажми 50 баробарга кўпайиб, 40 миллион долларга етди. Резидентлар сони 147 тадан 500 тага ошди, 300 дан зиёд янги компаниялар фаолияти йўлга қўйилди. IT-Паркларда 8 минг 500 та юқори даромадли иш ўринлари яратилди.

Бундай ишларни давом эттириб, соҳа ривожини янги босқичга кўтариш бўйича режалар ишлаб чиқилган. Хусусан, йирик экспортёрлар билан ишлаб, IT-Паркларда хизматлар экспорти ҳажмини 80 миллион долларга етказиш мўлжалланган. Ялпи ички маҳсулотда рақамли иқтисодиёт улушини ошириш, электрон хизматлар учун енгилликлар яратиш назарда тутилган.

Ахборот технологиялари соҳасида Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш ҳам муҳим йўналишлардан биридир.

Ушбу йўналишни ривожлантириш учун, 2020 йил 14 декабрь куни Президентимизнинг «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарор ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

«Ўзбекистон почтаси»нинг Тўловларни қабул қилиш ва пул ўтказмалари бўйича автоматлаштирилган тизими янгиланиб, «AVVAL» бренди остида ишга туширилиб, унинг мобил иловаси ҳам яратилди.

Мазкур тизимда 60 дан ортиқ тўловларни қабул қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, почтачилар 1 000 та мобил қурилмаси билан таъминланди.

Чекка ҳудудлардаги 750 га яқин почта алоқаси объектларида банк хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.

Шунингдек, «Гибрид почта» тизими такомиллаштирилиб, Ягона миллий тизим жорий этилди.

Бунинг натижасида почта жўнатмасини етказиб беришдаги назорат муддатлари қисқаришига эришилди, яъни аввал почта жўнатмалар энг чекка ҳудудда яшовчи аҳолига 6-8 кун ичида етказиб берилган бўлса, эндиликда 1-2 кун ичида етказиб берилмоқда.

Бугунги кунда, 100 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари ушбу хизматдан фойдаланмоқда. Гибрид почта жўнатмаларининг ҳажми 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 2 баробар кўпайди.

2021 йилда Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизими йўлга қўйилди.

2020 йилда 14 та таянч АйТи-мактаблар очилган бўлса, 2021 ўқув йилидан яна 86 та мактаб ўз фаолиятини бошлади. Уларда ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитиш учун барча зарурий шароитлар, моддий-техник база билан таъминланди.

Ушбу мактабларга Давлат тест маркази билан ҳамкорликда ўқувчилар 5-синфдан имтиҳонлар асосида саралаб олинди. Бугунги кунда уларда 4 мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда.

2023 йилда эса, уларнинг сони 205 нафарга етказилиб, 30 мингдан зиёд ўқувчи рақамли технологияларга чуқурлашган ҳолда ўқитилади.

Шунингдек, 205 та рақамли технологиялар ўқув маркази орқали тингловчилар компьютер саводхонлиги, дастурлаш асослари, робототехника, веб ва мобил иловалар яратиш, рақамли тадбиркорлик асослари ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитилмоқда.

Бундан ташқари, республиканинг 14 та ҳудудида IT-техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларда дастурий инжиниринг, компьютер инжиниринг, ахборот хавфсизлиги, телекоммуникация технологиялари каби йўналишлар бўйича 8 минг нафарга яқин ўқувчи ўқитилмоқда.

Мазкур техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилари ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлишади.

Бундан ташқари, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг 6 та ҳудудий филиалида малакали олий маълумотли кадрлар тайёрлаб келинмоқда.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида 15 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 33 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Шунингдек, филиалларда 5 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 3 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиалларида бугунги кунда 1 000 нафарга яқин профессор-ўқитувчи фаолият юритиб, уларда жами 21 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.

Рақамли технологияларнинг ривожланиш тенденциясидан келиб чиқиб, жорий ўқув йилида ушбу университетда сунъий интеллект, мехатроника ва робототехника, киберхавфсизлик инжиниринги каби жами 10 дан ортиқ янги йўналиш ташкил қилинди.

Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари қошидаги 6 та академик лицейнинг «Аниқ фан-1(техника)» ва «Аниқ фан-2 (иқтисод)» йўналишларида 3 мингга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда.

Шу билан бир қаторда, «АйТи» соҳа учун хорижий олий таълим муассасалари томонидан ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.

Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида 2 та (Компьютер ва дастурий инжиниринг, Логистика) бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 1 та (Рақамли трансформация) магистратура мутахассислигида жами 1 709 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ушбу талабаларга 36 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда.

Тошкент шаҳридаги Амити университетида 5 та (Иқтисодиёт, Туризм бошқаруви, Бизнес бошқаруви, Ахборот технологиялари, Компьютер фанлари ва инжиниринги) бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 1 та (Ахборот технологиялари) магистратура мутахассислигида жами 1000 нафар яқин талаба таҳсил олмоқда. Университетда талабаларга 23 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг