Аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар ҳамда оғир жароҳат олганлар йўқ — Мудофаа вазирлиги
Сирдарё вилоятининг «Малик» аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм омборида содир бўлган якка тартибда портлаш бўйича ҳарбий мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, деб хабар берди Мудофаа вазирлигининг расмий-телеграм-канали.
«Дастлабки маълумотларга кўра, аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар ҳамда оғир жароҳат олганлар йўқ. Портлаш оқибатида ҳарбий қисм атрофдаги айрим маҳаллалардаги енгил конструкциялар, ойналарга шикаст етган.
Айни вақтда мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда, ҳарбий қисм атрофида жойлашган маҳаллалар қамраб олиниб, етказилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Ҳарбий қисмдаги ўқ-дори захираси хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, Давлат стандартларига мос равишда, замонавий махсус омборларда сақланмоқда. Уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган», дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлиги фуқаролардан ҳолат бўйича тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик, фақатгина Мудофаа вазирлиги ҳамда бошқа масъул идораларнинг расмий сайтлари ҳамда уларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинган ахборотлардан фойдаланишни сўради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter