Абгор йўллар видеосини олиб тарқатганларни ҳибсга олиш буюрилди — Танзания
Танзания вилоятларидан бирининг губернатори мамлакатдаги энг йирик Нгоронгоро миллий боғи йўллари ёмон ҳолатда эканлиги тасвирланган видеони тарқатган кишиларни ҳибсга олишни буюрди. Видеони тарқатганлар «иқтисодий қўпорувчилик» уюштиришда айбланмоқда. Бу ҳақда «Regnum» Танзаниянинг «Azam TV» телеканалига асосланиб ёзмоқда.
Телеканал журналистлари хабар беришича, вилоят губернатори Аруша Мришо Гамбо видеони тарқатганларни «мамлакат шаънини булғаш»да айблаган ва ҳудуд полиция раҳбарига видеони тарқатганларнинг асл мақсадини очиқлаш учун уларни ҳибсга олиш ва сўроқ қилишни буюрган. Гамбонинг назарида, муаммоларга дуч келинганида уларни интернетда тарқатиш эмас, балки амалдорларни бохабар қилиш керак экан.
Интернетда тарқатилган видеода Нгоронгоро қўриқхонаси йўлида ботиб қолган сайёҳлар машиналари тасвирланиб, муаллиф йўлларни тузатиш кераклигини таъкидлаб, маҳаллий ҳукуматдан бирон чора кўришни сўраган эди.
Интернет орқали видеони томоша қилганларнинг аксарияти губернатор Гамбонинг қароридан сўнг уни танқид остига олишди: «Одамларга таҳдид қилгунча, йўлларни таъмирлаш керак!».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter