77 ёшида ҳам меҳнатдан қочмаётган Мирза бобо (видео)
Ҳар куни эрталаб ишхонамиз олдида жуссаси кичик, ёши улуғ бир отахонни кўраман. Отахон ўзига ярашган чаққонлик билан дарахтлардан тўкилган баргларни супуриб, чиқиндиларни кичик аравачада йиғиб юради. Шу ҳудуд озодалигини таъминлайди, шу сабабли ҳамма жой озода, саранжом-саришта.
Сўраб билсам, у кишининг исмлари – Мирза ака бўлиб, ёшлари етмиш еттида экан. Ғайратларига ҳавасим келди. Мирза бобо билан бироз гурунглашдик.
– Қанчадан бери шу ишни қиласиз?
– Бу ерда 30 йил олдин ишлаб, нафақага чиқиб кетганман. Кейинчалик иш бошқарувчи менга қўнғироқ қилиб, «Мирза ака ишга келинг, сиздан бошқа одам бу ишни эплай олмаяпти. Кўплар қўл учида иш қиляпти», деб ҳар куни ишга чақирди. Қайта-қайта қўнғироқ қилди.
– Катта жойни бир ўзингиз тозалайсиз, чарчаб қолмайсизми?
– Йўқ, ҳали ёшман-ку! Ҳали 90 ёшга кириб ҳам ишлаш ниятим бор.
– Нечта фарзандингиз бор?
– Уч қиз, бир ўғил фарзандим бор. Ҳаммаси уй-жойли. «Победа» деган жойдан уй қурганман.
– Ҳеч касалга чалиниб, ётиб қолган вақтларингиз бўлганми?
– Йўқ, соғлиғим жойида.
– Аёлингиз ва фарзандларингиз сизни ишлашингизга қандай қарайди?
– Улар рухсат беришган. Фақат бозорга чиқишимни исташмайди. Ўзимни араваларим ҳам бор. Илгари ҳар куни келар эдим. Шу ерларни ҳаммасини тозалайман.
– Бир кунда шунча иш қилиб, қандай қилиб чарчамаслик мумкин?
– Мен ғайратлиман!
– Ёшларга қандай маслаҳат берасиз?
– Ёшлар ичмасин, чекмасин. Энг муҳими – ҳалол бўлсин. Шу билан бирга, меҳнатни яхши кўрсин. Меҳнат одамни чиниқтиради ва умрини узайтиради.
Сардор Али суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter