66 кунда 66 шаҳарни забт этишни кўзлаган мотоциклчилар Тошкентда!
Бугун, 24 июль куни Малайзиянинг Тошкентдаги элчихонасида малайзиялик жаҳонгашта мотоциклчилар билан учрашув бўлиб ўтди. 6 кишидан иборат гуруҳ Малайзия мустақиллигининг 66 йиллиги муносабати билан дунё бўйлаб 66 кунлик саёҳатга чиққан.
Ориф Кулол бошлигидаги мотоциклчиларнинг машаққатли сафари жорий йил 20 июнь куни Лондон шаҳридан бошланган. Йўлчилик айнан Буюк Британия пойтахтидан бошлангани бежиз эмас. Зеро, 1957 йили Малайзиянинг илк бош вазири ва давлат мустақиллиги асосчиларидан бири Абдул Раҳмон Путра Ал-Ҳаж Лондондан Малайзияга Мустақиллик декларациясини келтирган эди.
«Биз 66 кун давомида 66 шаҳар ва 18 мамлакат ҳудуди орқали умумий ҳисобда 22 минг километрдан зиёд масофани босиб ўтишни режалаштирганмиз. 31 август – Малайзия мустақиллиги куни Путражаяда бўлиб ўтадиган байрам парадига етиб боришимиз керак. Мотоциклда Буюк Британиядан Малайзияга қадар олис сафар чиқишдан кўзланган мақсад – бугунги ёш авлодга мустақилликка эришиш ва уни асраш қанчалар мушкул вазифа эканини кўрсатиш, эслатишдан иборатдир», – дейди гуруҳ раҳбари Ориф Кулол «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда.
Сайёҳлар Ўзбекистонга Туркманистон орқали кириб, Самарқанд ва Тошкентдаги тарихий масканларни зиёрат қилишди.
Икки ой давомида муттасил «от устида» бўлиш осон эмас, албатта. Шунга кўра экспедиция учун юзлаб номзодлар орасидан жисмоний ва руҳий жиҳатдан бақувват мотоциклчилар танлаб олинган. Иштирокчилар экспедицияга қадар махсус тайёргарликдан ҳам ўтган.
«Экспедиция суверенитетни сақлашда бирдамлик руҳини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилмоқда. Қолаверса, у Малайзиядаги сайёҳлик йўналишларини ҳам дунёга тарғиб қилади. Мотоциклчилар гуруҳи Буюк ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон шаҳарларини ҳам зиёрат қилмоқдалар. Демак, мазкур экспедиция Ўзбекистоннинг сайёҳлик масканларини танитишга ҳам хизмат қилади. Пировард мақсадимиз эса мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашдан иборатдир», – дейди Малайзиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Илҳом Туаҳ Илёс.
Ориф Кулол бошлигидаги экспедиция мақсадлари Малайзия ҳукуматининг фаровон, плюралистик жамият барпо этиш бўйича саъй-ҳаракатларига ҳам ҳамоҳангдир. Қолаверса, бу орқали малайзияликларнинг ўзига хослиги ва ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишга бўлган мустаҳкам ишончини кўрсатиш кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter