Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

55 та эшакнинг гўшти қаерга гумдон бўлди?

55 та эшакнинг гўшти қаерга гумдон бўлди?

Фото: «Pinterest.ca»

Элликқалъа тумани «Таза-бағ» ва «Қирққизобод» ОФЙ ҳудудларида эшаклар «қабристони» аниқланди. Сўйилган эшак суяклари 3 та майдонга ташланган. Уларнинг биттасида 55 та эшакнинг қовурғалари борлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳодиса 2021 йил 12 февраль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирдан кейин аниқланди. Видеотасвирда таъкидланишича, эшаклар одамларга тарқатилаётган бўлиши мумкин. Агар у ҳайвонот боғларига олиб кетиладиган бўлганида суяклари билан кетиши керак эди. Эшаклар моҳир қассоб томонидан сўйилган-ки, қовурға суякларидан гўштлар силлиқ ажратиб олинган. Қабристонда янги сўйилган эшакларнинг қовурға суякларидан ташқари калласини, қулоқларини кўриш мумкин.

Видеотасвирда маълумот берилишича, эшак суяклари жорий йил январь ойидан буён 3 маротаба олиб келиб ташланган.

Элликқалъа тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, ҳайвонлар касалликларини аниқлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва Давлат маркази мутахассислари тумандаги барча гўшт дўконларида текширувлар ўтказди. Туман аҳолиси орасида эшак сотиб олишни сўраган ва сотиб олган фуқаролар ҳақида сўриштирув ишлари бошланди. Лекин ҳозиргача эшаклар нима мақсадда сўйилганлиги бўйича маълумот йўқ.

Элликқалъа тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими тумандаги гўшт дўконларида асосан қора мол гўшти сотилишини, қора моллар эса «Элликқалъа» ОФЙ ҳудудидаги кушхонада сўйилишини маълум қилди.

Ҳозирда кушхона ва тумандаги гўшт дўконларида сотилаётган гўштларнинг яроқлилик маълумотномаси ва гўштга қўйилган клеймолари мавжуд эканлиги ўрганилмоқда.

Мазкур ҳодиса юзасидан туман ҳокимлигига, прокуратурасига ва Ички ишлар бўлимига ҳам мурожаат қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг