24 апрелда Халқаро ёшлар бирдамлиги куни нишонланди

Ҳар йили 24 апрель куни жаҳонда Халқаро Ёшлар бирдамлик куни (International Day of Youth Solidarity) нишонланади. Бу ташаббус Жаҳон Демократик ёшлар федерацияси томонидан илгари сурилган эди.
Ташкилотчиларнинг фикрича, бу кун жаҳон жамоатчилиги эътиборини ёшлар муаммоларини ҳал қилишга қаратишни ўз олдига мақсад қилдиб қўйган. Мазкур санани нишонлаш 1955 йилда Осиё ва Африка мамлакатларининг Бандунг конференцияси якуний ҳужжатида қайд қилинган эди. Илк бор Халқаро Ёшлар бирдамлик куни 1957 йилда “Тинчлик учун, колониализмга қарши курашиш йўлида Халқаро Ёшлар бирдамлик куни” сифатида нишонланган эди. Шундан кейин ҳар йили ёшлар анжуманлари, концертлар, байрам тадбирлари ўтказиб келинади.
Замонавий дунёда муаммоллар жуда ҳам кўп. Улар орасида ёшлар муаммоси алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда дунё мамлакатларида ёшлар тарбияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш асосий масалалардан бирига айланиб қолди. Бугунги кунда дунё ёшлари бир қатор муаммолар билан тўқнаш келган. Улар ўз олдиларидаги муаммоларни ўзлари ҳал қилишга мажбур бўлмоқда. БМТ маълумотларига кўра, жаҳонда 15 дан 24 ёшгача бўлган ёшлар ҳамон ишсизлик ва қашшоқлик билан тўқнаш келмоқда. Замонавий ёшлар инсоният тарихидаги энг билимли экани, миллий тараққиётнинг муҳим ресурси экани тан олинади. Бироқ айрим мамлакатларда ёшлар орасида ишсизлик юқори даражада турибди. Уларда, айниқса, ёшлар тарбияси, уларни иш билан банд қилиш, соғлом турмуш тарзига ўргатиш ўз холига ташлаб қўйилгани ачинарли. Бундай мамлакатларда давлат ва ёшлар ўртасида узилиш пайдо бўлганлигини кузатиш мумкин. Кўпгина муаммоларнинг замирида замон талаб қилган аниқ бир касб-ҳунарга эга бўлмаслик ва натижада, ишсизлик, бекорчилик ётади.
Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида ёшларнинг 33,6 фоизи ҳеч қаерда ўқимайди ёки ҳеч қаерда ишламайди. Экспертларнинг фикрича, Африка, Шарқий Европа мамлакатларининг ёшлари орасида ОИТС муамоси пайдо бўлган. Шарқий Европада ВИЧга мубтало бўлганларнинг 80 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Ғарбда ёшлар балоғат ёшига етгач “қаерда яшайман” деган савол билан тўқнаш келади. Ўзининг шахсий бошпанасига эга бўлиш эса осонликча қўлга киритилмайди. Бунинг учун бир қатор муаммоларни ҳал қилиш керак. Биринчидан, ёшлар ҳамиша ҳам жамиятнинг тўла таъминланган қисми бўлавермайди. Чунки улар ота-оналари қарамоғида яшаб келганлари боис ҳаётга эндигина қадам қўйишмоқда. Фарзандларини уй-жой билан таъмиинлаш эса ота-оналар зиммасига тушади. Бу борада қарор қабул қилиш эса ота-оналарнинг ҳоҳишига боғлиқ эмас. Бунинг учун моддий шароит ҳам бўлиш керак. Хорижий мамлакатларда ёшлар ота-оналарига ҳам, давлатга ҳам бу борада умид кўзи билан боқишмайди. Чунки бунинг учун имконият яратилмаган.
Ёшлар олдида турган иккинчи муаммо қаерда ўқиш масаласидир. Шунингдек, бўш вақтларини қаерда ўтказиш ҳам асосий муаммолар сирасига киради. Бекорчилик гирдобида қолган ёшлар бўлмағур ишларга қўл уриши аниқ. Бекорчилик эса безориликдан қотилликкача, гиёҳвандликдан ичкиликбозликкача бўлган бир қадамни англатади. Шу сабабли ёшларнинг бўш вақтини самарали ўтказишлари учун кўнгилочар марказларини яратиб бериш керак. Бу борада спорт ва маданият марказлари қурилиши давр тақозосидир.
Жаҳон мамлакатларида ёшларнинг иш билан таъминланиши ҳам асосий муаммоларга айланиб бормоқда. Иш топганда ҳам унинг олдида яна иккита муаммо пайдо бўлади. Биринчиси ўсиш бўлса, иккинчиси яхши даромад топишдир. Айни дамда ёшлар ўртасидаги ишсизликни бартараф этиш борасида кўп ишларни ҳал қилиш зарур.
Ёшлар билан боғлиқ муаммолар бир неча ўн йиллардан бери тўпланиб қолгани боис, мазкур муаммоларни ҳал қилишнинг имконияти бўлмай қолмоқда. Ёшларнинг ҳаётга қизиқиши қолмаяпти. Ёшларнинг ахлоқсиз бўлиб кетаётганидан бонг урилади. Ёшларнинг интернет ва компьютер ўйинларига мубтало бўлиб бораётгани ҳам хавотирларга сабаб бўлмоқда. Айрим мамлакатларда “компьютер гиёҳвандлиги”дан даволаш мақсадида махсус шифохоналар очилган.
Жонли мулоқотдан кўра ижтимоий тармоқлар орқали виртуал мулоқотга ўрганиб бораётган ёшларни бу иллатдан холос қилиш йўлида ҳали анча ишлар қилиниши керак.
Замонавий ёшлар тарбия, ўзини тутиши, бағрикенглик, маданият ва ватанпарварлик масаласида бир қатор муаммолар билан тўқнашмоқда. Ёшлар театр, музейларга ташриф буюриш, ўз мамлакатларининг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш, армияда бўлиш ўрнига кунбўйи компьютер ва телевизор қаршисидан кетаолмай қимматбаҳо вақтларини беҳудага сарфлашмоқда. Кўчаларда шаталоқ отиб юрган, спиртли ичимликларга рўжу қўйган, тамаки маҳсулотлари ва гиёҳвандликка берилган ёшлар борлигидан ҳам асло кўз юмиш керак эмас.
Шарофиддин Тўлаганов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter