2019 йилда Ўзбекистонда халқаро китоб кўргазмаси ўтказилади
Германиянинг Франкфурт шаҳрида «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси бўлиб ўтди. Етмиш йилдан буён ҳар йили октябрь ойида ўтказиб келинаётган мазкур нуфузли анжуман шуниси билан аҳамиятлики, унда 100 дан ортиқ давлатдан келган нашриёт-матбаа корхоналари, агентлик вакиллари иштирок этади. Шу пайтгача кўргазмада ўз маҳсулотларини намойиш этаётган нашриётлар сони 7 мингдан ошиб кетди. Маълумотларга кўра, бу йилги кўргазма 275 мингдан зиёд китобсеварларни қамраб олди. Кўргазманинг умумий майдони 20 гектардан кўпроқ. Тадбирларни жаҳон бўйлаб 10 мингдан ортиқ журналистлар бевосита ёритиб борди.
«Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб анжуманида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги делегацияси ҳам қатнашди. Анжуманнинг сўнгги кунида «Turon24» мухбири делегация аъзоси – Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Халқаро алоқаларни мувофиқлаштириш ва инвестициялар бўлими бошлиғи Беҳзод Ҳидоятовдан эксклюзив интервью олди.
Тuron24: Кўргазмада иштирок қилишнинг фойдали жиҳатлари нимада?
Беҳзод Ҳидоятов: «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси дунёдаги китоб кўргазмалари ичида энг қадимийси ва энг йириги ҳисобланади. Шунинг учун кўргазма ташкилотчилари уни бутунжаҳон савдо кўргазмасига қиёслашади. Сабаби унда 130 дан ортиқ давлатдан келган нашриёт-матбаа ходимлари ўзларининг турли китоб маҳсулотлари, аудиокитоблари ҳамда аудиокитоб яратиш дастурлари билан иштирок этади. Бундан ташқари, реклама агентлари, нашриёт-матбаа уйлари ходимлари, матбаа технологиялари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналардан вакиллар келиб, ўз хизматларини таклиф қилади. Шунингдек, таниқли, кўзга кўринган таржимонлар ташриф буюради, нашриётлар ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлади. Икки томонлама шартномалар имзолаш учун қулай муҳит яратилади. Масалан, муайян китобни нашр этиш бўйича муаллифлик ҳуқуқини сотиш ва сотиб олиш бўйича келишувларга эришилади. Бу йилги кўргазмада Грузия фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган. Франция фахрий меҳмон сифатида иштирок этган йилда кўргазманинг очилиш маросимига Президент Эммануэл Макрон билан канцлер Ангела Меркел ташриф буюрган эди. Бу галги очилиш маросимида ГФР президенти жаноб Штанмайер қатнашди. «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси орқали Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий соҳада эришган ютуқларини намойиш этиш, соҳага оид салоҳиятни бошқа мамлакатларга кўрсатиш, миллий адабиётимизни дунё халқлари орасида кенг тарғиб этиш имкони туғилди.
Т24: Ўзбекистон делегациясининг миссияси қандай?
Б.Ҳ.: Делегациямиз таркибидаги нашриётлар ва улар эришган натижаларга тўхталиб ўтсам. Кўргазмада Ўзбекистондан 8 нашриёт матбаа корхоналари, яъни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги 5 нашриёт, булар – «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», «Ғофур Ғулом», «Чўлпон» нашриёт уйлари ҳамда «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, шунингдек, «Шарқ» матбаа акциядорлик компанияси, «Янги аср авлоди» нашриёт матбаа маркази ва «Маънавият» нашриёт матбаа уйи қатнашмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси вакиллари ҳам келган. Ўзбекистон делегацияси 50 дан ортиқ китоб маҳсулотларини нашр этиш бўйича муаллифлик ҳуқуқини сотиш ҳамда сотиб олиш, оригинал макет, имтиёзли фойдаланиш, бадиий адабиётларни чет тилидан ўзбек тилига, ўзбек тилидан чет тилига ўгириш бўйича турли даражадаги келишувларга эришди. Шу билан бирга Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори, делегация раҳбари Лазиз Тангриев кўргазма доирасида Халқаро ноширлар ассоциацияси (IPA) Бош котиби Хосе Баргинио билан музокара олиб борди. Мақсад – Ўзбекистон ноширларини мазкур ташкилотга аъзо қилиш эди. Халқаро ноширлар ассоциацияси жаҳоннинг 60 дан ортиқ давлатларида фаолият юритаётган 80 дан зиёд нашриёт матбаа корхоналарини бирлаштирган ҳамда 5,6 млрд аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларда савдо бозорига эга. Мамлакатимизни ташкилотга аъзо бўлиши юртимизда нашр этилаётган китобларни ассоциация тизимида сотиш, экспортини йўлга қўйиш, халқаро муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, китобхонликни, мутолаа маданиятини юксалтиришда жуда қўл келади.
Т24.: Биламизки, IPA олдиндан бирор давлатни «Китоб пойтахти» деб эълон қилади. Музокараларда шу ҳақда ҳам сўз бордими, умуман бу борада Ўзбекистоннинг имкониятлари қай даражада?
Б.Ҳ.: Ҳа, шундай. Хабарингиз бўлса, ташкилот эътирофи билан 2020 йилда китоб пойтахти этиб Малайзия давлати танланди. Бош котиб Хосе Баргинио билан учрашувда бу тўғрисида ҳам гаплашилди. Ҳамкорлигимиз шу тарзда ривожланиб кетаверса, 2021 ёки 2022 йилларда Ўзбекистон китоб пойтахти мақомини олиши ҳеч гап эмас. Айни пайтда шу масала бўйича тизимли ишлар кетяпти. Музокараларда келишиб олинди, илк ютуғимиз шуки, бундан буён Халқаро ноширлар ассоциацияси таркибида Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси доимий фаолият юритади.
Т24.: «Frankfurt Buchmesse» Президенти Юрген Босс билан кечган музокараларда бирор бир салмоқли келишувга эришилдими?
Б.Ҳ.: Учрашувда юртимиздаги нашриёт-матбаа корхоналарига инвестиция жалб этиш, маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш, ҳамкорликда турли кўргазмалар ташкил этиш ва 2019 йилда Норвегия давлати фахрий меҳмон мақомида қатнашадиган бўлса, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг мазкур кўргазмада иштирок этиш масалалари муҳокама этилди. Қувонарли жиҳати, Франкфурт халқаро китоб кўргазмаси президенти ва вице-президенти мамлакатимиз маънавий-маърифий салоҳияти ҳақида жудаям ижобий таассуротга эга экан. Улар мамлакатимизга 2019 йил апрел-май ойларида ташриф буюриб, нашриёт-матбаа корхоналаримиз фаолияти билан танишиш истагини билдирди. Шунингдек, Хосе Баргинио ҳам 2019 йилда келишини айтди. Шунингдек, делегациямиз матбаа технологиялари ишлаб чиқарадиган дунёдаги биринчи рақамли корхона «Хейделберг»да бўлишди. У ерда янги замонавий технологияларни харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. Бундан ташқари, матбаа технологияларига эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи «Мартини Мюллер» заводида ҳам учрашув бўлди.
Т24: «Frankfurt Buchmesse» типидаги халқаро кўргазмани Ўзбекистонда ҳам ўтказиш бўйича музокаралар бўлдими?
Б.Ҳ.: Ўзи шундоқ ҳам йирик халқаро китоб кўргазмасини мамлакатимизда ўтказиш режаси бизда мавжуд. Юрген Босс билан бўлган суҳбатда ана шу кўргазмани ҳамкорликда ташкил этиш масаласи кўтарилди. Боиси, кўргазмани сифатли, халқаро талабларга мос ўтказишимиз учун «Frankfurt Buchmesse» ёрдамига таянамиз. Маълумки, 2019 йил – МДҲ давлатларида китоб йили деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Ўзбекистонда халқаро китоб кўргазмасини ташкил этиб, унга 20 дан ортиқ давлат нашриёт-матбаа корхоналарини таклиф этишни мўлжаллаяпмиз.
Т24: Сўнгги савол: «Frankfurt Buchmesse»да иштирок қилиш учун нашриёт Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимига кирган бўлиши шартми? Умуман, делегация таркибини шакллантириш мезони қандай бўлди?
Б.Ҳ.: Агентлигимизда «Мана бу нашриёт қатнашсин, буниси қатнашмасин деган» мезон йўқ, бўлмаган ҳам. Биз кўргазма ўтказилиши ҳақида таклиф олганимиз ҳамоно юртимизда фаолият кўрсатаётган ноширларга, жумладан, 20га яқин энг илғор нашриётларга хат билан мурожаат қилганмиз. Фақатгина 8 нашриёт қатнашиш истагини билдирди. Тўғрисини айтиш керак, кўргазмада қатнашиш арзон эмас. Масалан, павильон ажратиш анча ҳаражат талаб қилади, қолаверса, Франкфурт арзон шаҳар эмас; меҳмонхона, бориш-келиш, кундалик ҳаражатлар... Айни шу ҳолат нашриётларни чўчитган бўлиши мумкин, буёғи бизга қоронғу. Балки молиявий ҳолати йўл бермагандир, нима бўлган тақдирда ҳам улар бизга бу борада аниқ изоҳ беришмади. Фақатгина қатнашмасликларини маълум қилишган, холос.
Лўнда қилиб айтганда, Ўзбекистон мазкур кўргазмада бир неча йилдан буён иштирок этиб келади, лекин бу галги иштирок ношир ва матбаачиларимиз учун ниҳоятда фойдали бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter