Лазиз Тангриев «Frankfurter Buchmesse» кўргазмаси президенти билан учрашди
«Frankfurter Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори, делегация раҳбари Лазиз Тангриев кўргазма президенти Юрген Босс билан учрашди. Бу ҳақда Матбуот ва ахборот агентлиги расмий сайти хабар берди.
Учрашувда юртимиздаги нашриёт-матбаа корхоналарига инвестиция жалб этиш, маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш, ҳамкорликда турли кўргазмалар ташкил этиш ва 2019 йилда Норвегия давлати фахрий меҳмон мақомида қатнашадиган бўлса, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг мазкур кўргазмада иштирок этиш масалалари муҳокама этилди.
Қувонарли жиҳати, Франкфурт халқаро китоб кўргазмаси президенти ва вице-президенти мамлакатимиз маънавий-маърифий салоҳияти ҳақида ижобий таассуротга эга. Улар мамлакатимизга 2019 йил апрел-май ойларида ташриф буюриб, нашриёт-матбаа корхоналаримиз фаолияти билан танишиш истагини билдирди.
Маълумот учун айтиш керакки, «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси дунёдаги китоб кўргазмалари ичида энг қадимийси ва энг йириги ҳисобланади.
Етмиш йилдан буён ҳар йили октябрь ойида ўтказиб келинаётган мазкур нуфузли анжуман шуниси билан аҳамиятлики, унда 100 дан ортиқ давлатлардан келган нашриёт-матбаа корхоналари, агентликлар вакиллари иштирок этади. Шу пайтгача кўргазмада ўз маҳсулотларини намойиш этаётган нашриётлар сони карийб 10 мингга етди.
Бу йилги кўргазма 275 мингдан зиёд китобсеварларни қамраб олди. Кўргазманинг умумий майдони 20 гектардан кўпроқ. Тадбирларни жаҳон бўйлаб 10 мингдан ортиқ журналистлар бевосита ёритиб боряпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter